Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиа саводхонлигини оширишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиа саводхонлигини оширишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди
17.02.2015

2015 йил 17 феврал куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Замонавий ахборот хизматларининг оммавий ахборот воситалари, жамоат ва сиёсий ташкилотлар билан ишлаш шакл ва усуллари” мавзусида ижтимоий тармоқда мулоқот қилиш, ёшларнинг медиа саводхонлигини ва кўнгилочар сайтлардаги ахборотлардан тўғри фойдаланиш этикасини шакллантириш юзасидан ўтказилаётган туркум тадбирларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий университети талабалари учун ўтказилган галдаги тадбирни мазкур университет профессор-ўқитувчилари с.ф.н., дотс. Шерзодхон Қудратхўжаев ва ф.ф.н., дотс. Нозима Муродовалар олиб бордилар.
Замонавий ахборот хизматлари мавзусига бағишланган суҳбатида с.ф.н., дотс. Шерзодхон Қудратхўжаев талабаларни дунёда ва Ўзбекистонда Интернет тармоғи фойдаланувчилари, УЗ домени ҳудудидаги веб-сайтлар сонига, улар ўсиш суръатига, халқаро ахборот ресурсларига уланиш тезлигига оид расмий маълумотлар, ҳамда Ягона давлат интерактив хизматлар порталининг статистик маълумотлари билан таништирди. Интерфаол мулоқот чоғида жамоат ва сиёсий ташкилотлар, шунингдек шахсий фойдаланувчилар билан ишлаш шакл ва усуллари муҳокама қилинди.

“Замонавий Интернет аудитория” мавзусидаги РР-тақдимотида ф.ф.н., дотс. Нозима Муродова Интернет аудиториясининг хусусиятлари ва турлари, уларнинг фаоллигининг намоён бўлиши усуллари, олимлар томонидан илмий тадқиқ этилган мия фаолиятига доир кўргазмали далиллар ёрдамида сўзлаб берди. Н.Муратова аудитория муаммоларига алоҳида урғу бериб, талабаларга виртуал дунёнинг нозик жиҳатларини очиб берди ва реал ҳаётда улардан огоҳ бўлишга даъват этди.
Интерфаол услубда ташкил этилган ва ёшларнинг долзарб муаммоларига бағишланган суҳбат талабаларда катта қизиқиш уйғотди ва чуқур таассуротлар қолдирди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ