Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Эл нетиб топгай мениким...” номли адабиётларнинг очиқ кўргазмаси ташкил этилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Эл нетиб топгай мениким...” номли адабиётларнинг очиқ кўргазмаси ташкил этилди
08.02.2019

8 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида давлат арбоби, буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган “Эл нетиб топгай мениким...” номли адабиётларнинг очиқ кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада Алишер Навоий асарларига шарҳлар, унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига, унинг фалсафий фикрларига оид турли йилларда чоп этилган китоблар намойиш этилди.

 

Мазкур кўргазмада фойдаланувчилар эътиборига дунё тилларига таржима қилинган Навоийнинг танланган асарлари, ғазаллари, рубоийлари, ўз асарлари изоҳи,  ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга йўғрилган хикматлари ва турли афоризм, мақол ва маталлари тақдим этилган. Миллатимиз ғурури, меросимиз асосчиси, ўзбек мумтоз адабиётининг энг йирик намоёндаси, ўзбек халқининг улуғ мутафаккири Алишер Навоий жаҳон адабиёти, маданиятига, инсонлар бахт-саодати, халқ фаровонлиги, мамлакат ободонлиги учун қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Унинг 3000 мингдан зиёд шеърлари, достонлари, мажозий услубда битилган ғазал, рубоийлари ва илмий қарашлари XV аср охирларида Ўрта Осиёдаги маънавий ҳаётни ёритиб беради.

Шунингдек, кўргазмада Ойбек, Мақсуд Шайхзода ва бошқа шоирлар томонидан турли даврларда Алишер Навоий ҳақида ёзилган асарлар ўрин эгаллаган.

Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар Алишер Навоий ижодининг қалби, Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилган, 50 минг мисрадан зиёд, беш достонни ўз ичига олган буюк «Хамса»нинг турли нашрлари ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланаётган Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига даҳлдор адабиётлар билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ