Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ислом Каримов ҳамиша қалбимизда” мавзусида адабиётлар кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ислом Каримов ҳамиша қалбимизда” мавзусида адабиётлар кўргазмаси очилди
29.01.2019

2019 йил 29 январь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Ислом Каримов ҳамиша қалбимизда" деб номланган адабиётлар кўргазмаси очилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд кунига бағишланган мазкур кўргазмадан жой оган китоблар ёшларни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли ва давлат бошқаруви билан таништиради.

 

“Ислом Каримов ҳамиша қалбимизда” номли мазкур кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бозор иқтисодиёти шароитида суверен жамият, озод ва мустақил ҳаётга  йўналтирилган демократик давлат қуриш, Ўзбекистон Республикасининг ўз ривожланиш ва тараққиёт йўли, ўтказилаётган ислоҳотлар масалаларига бағишланган асарлари тақдим этилган. Шунингдек, бу ерда ўзбек халқининг ҳаётини тубдан ўзгартирган ва ўзлигини англашига замин бўлган мустақилликка эришиш тарихидан, забардаст ўзбек халқининг меҳнати, унинг маънавий қадриятлари ва миллий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва фотосуратлар ўрин олган.

 

Халқаро аренада Ислом Каримов очиқ фуқаролик жамияти ва бозор сиёсатига эга ҳуқуқий демократик  давлат қуриш стратегиясини ишлаб чиққан ва уни жорий этган буюк давлат арбоби нуфузига эга. Унинг раҳнамолиги остида дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган ривожланиш йилларида мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришлар бўлиб ўтди. Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақиллик йилларида барпо этилган ва модернизациялаштирилган жаҳон андозаларига жавоб берувчи завоб ва фабрикалар, йўл-транспорт ва муҳандислак-алоқа инфратузилмалари, барча қулайликлар ва яшаш шароитларига эга турар жойлар каби юзлаб иншоотлар ва ишлаб чиқариш объектлари ташаббускори ҳамдир. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноси ҳам унинг ташаббуси ва бевосита иштироки остида қурилди. У аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар - фермерлик ҳаракати ташкилотчиси эди. У Ўзбекистон Қуролли кучларининг жанговор қудратини ва салоҳиятини ошириш, тарбия ва янгича таълим тизими ташаббускори. Миллий қадриятларни қадрлашни сиёсат даражасига олиб чиқиб, мамлакатимизда муқаддас динимиз, анъана ва урф одатларимиз, шунингдек, бебаҳо тарихий меросимизни қайта тиклаб, тараққий эттиришда Ислом Каримов хизматлари беқиёсдир.

 

Кўргазмага ташриф буюрган китобхонлар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланувчи Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг асарлари, миллатимиз маьнавияти, Ватанимиз тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ҳамда адабиётимиз намояндаларининг бадиий асарлари билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ