Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ёши улуғ санъаткорлар халқ эъзозида” мавзусида ижодий учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ёши улуғ санъаткорлар халқ эъзозида” мавзусида ижодий учрашуви бўлиб ўтди
10.06.2016

2016 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби билан ҳамкорликда ўзбек хореографияси санъати кекса авлод вакиллари билан “Ёши улуғ санъаткорлар халқ эъзозида” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. Тадбирда санъатшунослар, хореографлар, раққосалар, журналистлар, Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева тадбир қатнашчиларини қутлади, кутубхонада жамиятимизнинг турли соҳалари ёши улуғ вакиллари билан ўтказилиб келинаётган ижодий учрашувлар аҳамиятини таъкидлади ва ўзбек театр санъати ва хореографиясининг шаклланиши ҳақида маълумот берди. Ижодий учрашувда ўзбек миллий рақс ва хореография санъатига улкан хисса қўшган санъаткорлар: Ўзбекистон ҳалқ артисти Қундуз Миркаримова, Ўзбекистон ҳалқ артисти Клара Юсупова, Ўзбекистон ҳалқ артисти Гулнора Маваева, Ўзбекистон ҳалқ артисти Валентина Проскурина, Ўзбекистон ҳалқ артисти Бернара Қориева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ражаб Тангуриев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Насирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби Раиса Ходжисаидоваларнинг хизматлари алоҳида тилга олинди.

Тадбир бошловчиси, Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби саънатшунослик кафедраси доценти Людмила Раджапова ижодий учрашув меҳмонларини таништирди, уларнинг касбий маҳоратларини алоҳида эътироф этди ва ўзбек рақс мактабига асос солиниши ҳақида сўзлаб берди. “Ўзбек халқи рақс санъати кўп асрлардан буён фольклор ва профессионал рақс даражасида ривожланиб келган. Бунга қадимги қоя тошларда чизилган расмлар ҳам гувоҳлик беради. Ўзбек миллий мумтоз рақслари Ўзбекистонда балет йўналишининг шаклланиши ва замонавий ўзбек балетининг ривожланишида катта аҳамиятга эга”.

Ёши улуғ санъаткорлар ўз фаолиятлари, устозлари ва шогирдлари ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар ва ўзбек миллий балет санъатининг ривожланиш босқичлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Ижодий учрашувда Ўзбекистонда балет санъатига асос солиниши ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбек балети. Бошланиши” ҳужжатли фильм намойиш этилди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист А.Бобожонова “Севги тилсими” балет операсидан партия ижро этди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида эса санъатшунослар Елена Қори Ёқубова ва Гулнора Мусаевалар томонидан тақдим этилган рақс ва театр санъати ижодкорлари ҳаёти ва ижоди, ҳамда Тошкент давлат Миллий рақс ва хореография олий мактаби фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи фотосуратлар кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ