Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла ижодига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла ижодига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди
06.12.2018

2018 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда “Ёшлар – келажак бунёдкори!” шиори остида ўтказиладиган маънавият хафталиги доирасида Ўзбекистон халқ шоири, санъат арбоби, драматург, киносценарист Туроб Тўла (1918-1990) таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Адабиётнинг мафтуни” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, китобсевар ёшлар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири Жавлон Жовлиев тадбир иштирокчиларини қутлади ва кутубхонанинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, бу ерда ўтказилаётган тадбирларнинг моҳияти ҳақида сўзлади. «Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - бу нафақат китоблар, газета ва журналлар, нодир нашрлар, кўплаб ўқиш заллари, фондлар ва сақлаш жойлари, балки бу ер қизиқарли ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, илмий анжуманлар, хотира кечалари ўтказиладиган, ёшларни турли даврларнинг таниқли шахслари, уларнинг ижоди ва ютуқлари билан таништириш жойи ҳам», - дея эътироф этди у.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Ойгул Убайдулло қизи бугунги ўзбек адабиёти ва унда ёшлар сиймосининг ифодаланиши ҳақида сўзлади. “Ҳозирги кунда ёшларнинг етук инсон бўлиб шаклланиши учун барча шарт-шароит яратилган, имкониятлар эшиги кенг очилган. Бунга жавобан ёшларимиз билим ва салоҳияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ўзларини намоён этмоқдалар”, - деди ва шоир Туроб Тўла ижоди ҳақида гапириб, унинг шеърларидан ўқиб берди, -  Қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўланинг қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари халқ юрагига ҳамоҳангдир. Туроб Тўланинг драматург сифатида пьеса, опера ва балет либреттолари театр саҳналарида қўйилган бўлса, унинг сценарийлари асосида фильмлар саҳналаштирилган”.

Тадбирда шунингдек мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилаётгани, ёшлар сиёсатига оид қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинаётгани ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Тадбирда иштирок этган ёшлар ҳам Туроб Тўла ижодидан шеърлар ўқидилар, тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ