Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мутахассис куни

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мутахассис куни
30.11.2018

2018 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мутахассис куни ўтказилди. Унда кутубхона раҳбарияти ва мутахассислари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева кутубхона мутахассисларини ҳозирги кунда соҳада амалга оширилаётган ишлар, кутубхоначилик ишининг истиқболи ҳамда мутахассислар кунининг мақсади ва моҳияти билан таништирди. “Соҳа мутахассисларининг касб маҳоратларини оширишга, уларни соҳада рўй берган ўзгаришлар, янги меъёрий ҳужжатлар билан таништиришга қаратилган тадбирлар ахборот-кутубхона соҳаси ривожида муҳим ўрин тутади. Бундай йиғилишларда мутахассисларнинг хизмат сафарлари, халқаро анжуманлардаги иштироки ҳақидаги ҳисоботлари тингланади, соҳада мавжуд ўз ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинади ва турли инновацион ғоялар тақдим этилади”, - дея таъкидлади У.Тешабаева. 

Мутахассис кунида ўтказилган йиғилишда Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати раҳбари Н.Зоитованинг 13 - 14 сентябрь кунлари Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган “Кутубхона – жамиятнинг кўптармоқли ижтимоий-маданий институти” мавзусидаги анжуманида, Илмий-методик ва тадқиқот хизмати бош мутахассиси А.Қиличбоевнинг 11 – 15 сентябрь кунлари Ереван шаҳрида бўлиб ўтган “Қўлёзма ва босма меросларни тиклаш, сақлашнинг янги технологиялари” мавзусида VIII Халқаро илмий амалий семинарда, Каталоглаштириш ва туркумлаштириш хизмати раҳбари В.Борисовнинг 12 – 15 сентябрь кунлари Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган “Кутубхоналарда илм, технология ва ахборот (LIBWAY-2018)” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференцияда, Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати етакчи мутахассиси Ф.Асанованинг 2-3 октябрь кунлари Ашхобод шаҳрида ўтказилган “Китоб — ҳамкорлик ва тараққиёт йўли” мавзусидаги XII Халқаро конференция ва китоб савдо-кўргазмасидаги иштироки ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш хизмат раҳбари Д.Усманалиевнинг 9 – 22 июль кунлари  Жанубий Корея Республикаси Сеул шаҳрида бир қатор ўзбекистонлик мутахассисларнинг “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси доирасида халқаро тренингдаги иштироки ҳақида ҳисоботлар тингланди.

Сўзга чиққанлар иштирок этган анжуманлари ҳақида ўз таассуротлари ва уларда орттириб келган тажрибалари билан ўртоқлашдилар. “Анжуманда кутубхонашунослик сохасини келгусида ривожлантириш, Кутубхоналар асоциациясининг халқаро федерациясининг (IFLA) сақлаш ва консервация қилиш шўъбаси Марказий Осиё бўйича  худудий бўлимига вакил ажратиш каби долзарб масалалар мухокама қилинди, - деди Н.Зоиова ва қўшиб қўйди, - Мен “Хужжатларни консервация ва реставрация қилиш” шўбасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фонди фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари” мавзусида маъруза қилдим. Хорижий ҳамкасбларимиз маърузам бўйича турли саволлар билан мурожаат қилдилар ва бизнинг ноёб адабиётларни сақлаш бўйича тажрибамизга катта қизиқиш билдирдилар”.

“Ереван шаҳрида бўлиб ўтган VIII Халқаро илмий амалий семинар қўлёзма ва босма меросларни тиклаш, уларни сақлашнинг янги технологияларига бағишланди. МДҲ давлатлари, Европа, Грузия ва Болтиқбўйи давлатларидан 80 дан ортиқ мутахассислар иштирок этган семинарда нодир, алоҳида қимматга эга ва ноёб нашрлар сақланишини таъминлаш, уларнинг фондини тизимли кўпайтириш ва бойитишда соҳавий норматив-ҳуқуқий  ҳужжатларнинг аҳамиятига бағишланган маърузамда музей, архив ва кутубхоналарда ҳужжатларни сақлаш, зарарлардан ҳимоя қилиш, уларни рақамлаштириш  масалалари муҳокама қилинди”, - дея ҳисобот берди А.Кличбаев.

“Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган “Кутубхоналарда илм, технология ва ахборот (LIBWAY-2018)” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ҳозирги замон ҳужжатли меросига, китоб ёдгорликлари археографиясига, ўзгарувчан мулоқот муҳитида янги аксиологик парадигма контекстида кутубхоналар фаолиятига, ахборот-кутубхона технологияларининг замонавий ривожлантириш тенденцияларига, илмий тадқиқотлар масалаларига ва фаннинг самарадорлигини баҳолаш методикасига, китоб маданиятини ўрганишда замонавий илмий ёндашувлар ва китоб маданиятини виртуал рақамли майдонга  мослаштиришга бағишланганди”, - деди В.Борисов.

Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати етакчи мутахассиси Ф.Асанова  Ашҳобод шаҳрида ўтказилган “Китоб — ҳамкорлик ва тараққиёт йўли” мавзусидаги Халқаро конференция ва китоб савдо-кўргазмасидаги 20 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган ноширлик ва матбаа йўналиши вакиллари икки кун давомида ўзаро фикр ва тажриба алмашиб, соҳага оид энг сўнгги янгиликлар, замонавий ёндашувлар ва эришилган ютуқлар билан атрофлича танишганликлари ҳақида хабар берди.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш хизмат раҳбари Д.Усманалиев “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ва шу лойиҳа доирасида мутахассиларнинг Сеул шаҳрида халқаро тренингидаги иштироки ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ