Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Умри қўшиқларидек боқий” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди

“Умри қўшиқларидек боқий” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди
10.10.2018

2018 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Отажон Худойшукуров ижодига бағишланган “Умри қўшиқларидек боқий” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли санъаткорлар, хонанданинг мухлислари ва шогирдлари, оила аъзолари, Ўзбекистон санъат ва маданият институти ва Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари  иштирок этдилар.

 

Тадбирда сўзга чиққанлар, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон, Ўзбекистон халқ артистлари Гулора Раҳимова, Аҳмаджон Шукуров, Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон бахши Матёқубов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаев, журналист Марат Асадуллаев, санъатшунос олим Отаназар Матёқубов ва бошқалар  халқимизнинг севимли хонандаси, ўзбек миллий қўшиқчилик санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган улкан санъаткор, устоз, беназир хонанда Отажон Худойшукуровнинг ибратли ҳаёти ва фидокорона меҳнати ҳақида сўзладилар, унинг ўзбек миллий мусиқа санъати тарихида эгаллаган муносиб ўрнини алоҳида эътироф этдилар.

 

Санъатшунос олим Отаназар Матёқубов йиғилганларни Отажон Худойшукуров ҳаёти ва ижодий фаолияти билан таништирди. “Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, хонанда Отажон Худойшукуров 1944 йил 4 октябрда Тўрткўлда таваллуд топди. Ашула айтишни амакиси хонанда Й.Оллошукуровдан ўрганган, кейинги устозлари К.Отаниёзов, Назир қори, Ж.Бекчонов ва бошқалар. 1963 йилдан Қорақалпоқ давлат филармониясида яккахон хонанда сифатида фаолият юрита бошлаган”.

Ўзбекистон халқ артисти Аҳмаджон Шукуров Отажон Худойшукуров ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашди ва “Унинг репертуаридан мумтоз ашулалар ("Феруз 1-2", "Хоразм Сегоҳи", "Бозургоний", "Қўшчинор", "Гулузорим", "Курд Эшвойи", "Самарқанд ушшоғи", "Тошкент Ироғи" ва бошқалар), Хоразм достоннома (қўшиқ)лари ("Нажаб ўғлон" достонидан "Кимни севар ёрисан", "Баҳром ва Гуландом"дан "Айрилиқ", "Авазхон"дан "Қаландарим"), композитор ва бастакорлар асарлари ("Кўзларинг сенинг", "Ўзбекистоним", "Раъно бўлайин деб", "Соғиниб келдим" ва бошқалар), шунингдек, туркман, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ ва қирғиз халқ қўшиқлари ўрин олган эди”, -деди.

 

“Отажон Худойшукуров созанда (торчи) ва ўзи айтадиган ("Мужгонларинг", "Оламда бир", "Биринчи муҳаббатим" каби 300 дан ортиқ) қўшиқларнинг бастакори сифатида ҳам танилган. У жозибали, чиройли тембрли, кенг, барча пардаларда равон ва жарангдор овоз соҳиби. Унинг қўшиқларидаги эҳтирос, шижоат ва жўшқинлик, мазмуний теранлик каби хислатлар тингловчилар қалбидан чуқур жой олган. У кўплаб Давлат мукофотлари лауреати,  Отажон Худойшукуров номида ёш хонандаларнинг Республика танлови ўказилиб келинмоқда”, - дея таъкидлади журналист Марат Асадуллаев.

 

Тадбир аввалида Отажон Худойшукуров ижодий фаолиятини ёритувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Тадбирда А.Шукуров, Г.Раҳимова, Ғ.Ёқубов, А.Дадаев ва М.Матёқубовлар ижросида ўзбек мумтоз ва лирик кўшиқлари янгради.

Хотира кечаси иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ