Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Болалар китоби” республика фестивали ва китоблар кўргазмаси доирасида болалар шоири Ориф Тўхташ билан ижодий учрашув

“Болалар китоби” республика фестивали ва китоблар кўргазмаси доирасида болалар шоири Ориф Тўхташ билан ижодий учрашув
26.09.2018

2018 йил 26 сентябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида ташкил этилган “Болалар китоби” республика фестивали доирасида болалар шоири Ориф Тўхташ билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Юнусобод туманидаги 302-умумтаълим мактаби ўқувчилари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

 

Учрашув аввалида шоир болаларга ўзининг шеъриятга кириб келишига сабаб бўлган омиллар, ўзининг устозлари ва илк асарлари ҳақида сўзлаб берди.  “Мен 3-синфда ўқиб юрган пайтларимдаёқ ижод қилиб турар эдим. 5-синфга ўтар чоғимда болалар газетаси орқали менинг ижодим билан танишиб Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов менга “Болакай шоир” номи билан оқ йўл тилади”, - деди шоир.

 

Маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатиш хизмати раҳбари Қ.Нуримова шоирнинг ижодига алоҳида тўхталиб: “Ҳозирга қадар Ориф Тўхташнинг туркум шеърлари “Ҳар доим бўлсин қуёш”, “Бойчечак”, “Довон ошган авлодлар”, “Олтин беланчак”, “Зарбанд: кеча ва бугун”, “Ватаним, деб сени, уйғондим”, “Ёшлар китоби”, “Бир қишлоқ болалари”, “Миёнқол гурунги”, “Юртни севмоқ саодати”, “Самарқанд баёзи”, “Ғунчалар табассуми”,”Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф”, “Ватан атри”, “Кўзмунчоқ” каби шеърий тўпламларда чоп этилган. Унинг болаларга бағишлаб ёзган бир туркум шеърлари “Ўзбек болалар адабиёти антологияси”га киритилган”.

 

Тадбир давомида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 1-босқич талабаси Атоева Дилноза, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг1-босқич талабаси Алимова Эъзоза, Юнусобод туманидаги 302-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хайритдинова Ирода ва Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар 8-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Тлепова Гулфирузлар ўзларининг қаламларига мансуб шеърлар ҳамда Ориф Тўхташ ижодидан ва шеърлар ўқидилар.

 

Тадбир давомида ёш китобхонлар шоирга ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат этдилар ва батафсил жавоблар олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ