Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм тараққиёт йўлида” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм тараққиёт йўлида” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
27.09.2018

2018 йил 27 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Кашфиёт” ўқиш залида Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган “Туризм тараққиёт йўлида” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада сайёҳликни тарғиб қилувчи, фойдаланувчиларни мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасининг ўзига хос тарихи, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ва маданияти билан таништирувчи адабиётлар ва фото суратлар тақдим этилган.

Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Ўзбекистон замини қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз етишиб чиққан. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида кенг тарғиб этиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликлари тарғиботини янги босқичга кўтариш, юртимизга келаётган туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд маданий мерос объектлари, ноёб тарихий ёдгорликлар, қадимий меъморчилик ва маданият обидалари мавжуд. Ҳар йили минглаб сайёҳлар Шарқ гавҳари – Самарқандни, қадимий Бухорони, гўзал Тошкентни ва Хива очиқ музейини зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрадилар.

 

Ўзбекистон хорижий сайёҳларни нафақат дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлиги, қадимий ва замонавий меъморчиликнинг ноёб ёдгорликлари, балки мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити билан ҳам ўзига жалб этмоқда

“Туризм тараққиёт йўлида” деб номланган китоб-расмли кўргазмада Ўзбекистоннинг турли минтақалари табиати, тарихий ёдгорликлари, мақбаралари ва зиёратгоҳлари тасвирланган китоблар тақдим этилган. Уларда республикамизнинг ҳар бир этник таркибига хос бўлган миллий урф-одатлар, либослар, анъаналар ҳақида бой маълумотлар берилган. Кўргазманинг катта қисми истиқлол йилларида эришилган ютуқларга бағишланган бўлиб, ундаги китоблар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмаси, халқ фаровонлиги ва маънавий-маданий ҳаёти ҳақида маълумот беради.

“Туризм тараққиёт йўлида” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдадаланувчлар “Ўзбекистон табиати”, “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистон”, “Навоий”, “Тошкент – ислом маданияти гавҳари”, Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар билан батафсил таништирувчи китоблар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ