Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Тожикистон дўстлик делегацияси ташрифи

Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Тожикистон дўстлик делегацияси ташрифи
02.08.2018

2018 йил 2 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Тожикистон дўстлик делегацияси ташриф буюрди. Унда Тожикистон делегацияси вакиллари, Ўзбекистондаги Тожикистон элчихонаси ходимлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ходимлари, ўзбек ва тожик ёзувчи, шоирлари, адабиётшунослар ва таржимонлар иштирок этдилар. Тадбир ўзбек ва тожик халқларининг адабий, мусиқий, маданий ҳамда дўстона алоқаларни мустахкамлаш, келгусида ҳамкорликда маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш  мақсадида ўтказилди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ўзаро яқинлиги, тарихи, маданияти ва қадриятларининг ўхшашлиги ҳақида гапирдилар. Тадбирда шунигдек, ўзбек ва тожик шоир ва ёзувчилари адабий алоқаларининг мустахкамланиши, иккала халқ бадиий асарларининг таржимаси сифатининг ошишига олиб келишига умид боғладилар.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари ўзбек ва тожик адибларининг адабий алоқалари, ҳамкорликдаги ишлари, Тожикистонда ўзбек адабиёти намоёндалари ижодига бағишланган илмий изланишлар ва Ўзбекистонда таниқли тожик шоир ва ёзувчилар ижодининг ўрганилиши ҳақида сўзладилар.

Ташриф доирасида меҳмонларни кутубхонанинг фаолияти, имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари билан  таништирувчи экскурсияси ташкил этилди.

Кутубхона бўйлаб эксурсия давомида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева кутубхонанинг қурилиш тарихи ва ҳозирги фаолияти, фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, электрон базани яратиш жараёнида қўлланиладиган илғор ахборот технологиялар, Миллий кутубхонанинг халқаро алоқалари ҳақида маълумот берди. Шунингдек Миллий кутубхона фондидан жой олган тожик тилидаги нашрлар, таржима асарлар, Тожикистондан Миллий кутубхонага келиб ишлайдиган тадқиқотчилар, тожик тилидаги мажбурий нусха асосида келиб тушадиган нашрлар ҳақида гапириб ўтди. Кутубхона бўйлаб қилинган экскурсия чоғида меҳмонлар китоб музейи, кўргазмалар, мультимедия ва электрон залларни кўздан кечирдилар. Делегация аъзолари ўқув залларини айланиб чиқар экан, у ердаги замонавий мультимедия ускуналари билан жиҳозланган махсус залларни томоша қилди, китоб фондининг жойлашиши ва сақланиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда фойдаланувчиларнинг кутубхонанинг сўнгги маълумотлари, онлайн-ресурслар ва аудио-ресурслар базаси билан таништирувчи киоскалар билан қизиқдилар. Меҳмонлар қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар бўлимига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда улар қадимий литографик ва босма нашрлар, хариталар, ноёб китоблар билан ҳам танишдилар.

Дўстона муҳитда ўтган икки мамлакат шоир ва ёзувчиларнинг ижодий учрашувида тожик адиблар Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ўз китобларини совға тариқасида тақдим этдилар.

Тожикистон дўстлик делегацияси ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўзбекистон ва Тожикистон дўстлиги” деб номланган китоб-расмли кўргазма ташкил қилинди. Кўргазмада тақдим этилган адабиётлар Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янги босқичи, мамлакатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, фан-техника, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланилаётган тожик тилидаги китоблар ҳақида ҳикоя қилади. Адабиётларнинг очиқ  кўргазмасига ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда кутубхона фойдаланувчилари Қутби Киром, Амон Нуров, Аълохон Афсахзод, Шодон Ханиф каби тожик адибларнинг асарлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ