Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Кимё оламининг фидокори” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Кимё оламининг фидокори” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди
02.08.2018

2018 йил 2 август  куни “Кашфиёт” залида  Ўзбекистон ФА академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, кимёгар олим, кимё фанлари доктори, профессор Рашидова Сайёра Шарофовна таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Кимё оламининг фидокори” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди. Кўргазмада С.Рашидова ҳаёти ва илмий фаолияти билан таништирувчи китоблар, унинг илмий асарлари ва фаолиятини ёритувчи газета мақолалари тақдим этилган.

Рашидова Сайёра Шарофовна 1943 йил 2 августда Жиззах шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов оиласида таваллуд топган. У 1965 йил Москва университетини тугатган. 1972—1979 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Кимё институтида лаборатория мудири, 1979-1981 йилларда полимерлар кимёси бўлими раҳбари, 1981 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси полимерлар кимёси ва физикаси институти директори бўлиб ишлаган.

Унинг асосий илмий ишлари юқори молекуляр бирикмалар кимёси — полимерлар занжирида кечадиган кимёвий реакцияларга оид бўлган. Сайёра Рашидова раҳбарлигида йўналтирилган кимёвий модификацияли биологик фаол полимерлар, доривор препаратлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини олиш учун юқори молекулали моддаларни танлашнинг назарий асослари, қишлоқ хўжалиги экинлари (ғўза, шоли, қанд лавлаги ва бошқа) уруғларини экишга тайёрлашда биологик фаол полимерларни қўллаб капсулалашнинг экологик зарарсиз технологиялари ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда С.Рашидова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1993), кимё фанлари доктори (1983), профессор. У 20 дан ортиқ фан доктори ва фан номзодларини тайёрлаган. Унинг 300га яқин илмий нашрлари, бир неча монографиялари ва 20 та муаллифлик гувоҳномалари мавжуд.

С.Рашидова “Олима” олима аёллар ассоциацияси президенти сифатида Республиканинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Академик Сайёра Рашидова Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. 1995 йилдан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуклари бўйича вакили бўлган. Шунингдек «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.

С.Ш.Рашидова инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб халқаро форумларда фаол иштирок этмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида 100 дан ортиқ нашрлари мавжуд, шунингдек у "Омбудсманлар", "Ўзбекистонда Омбудсман", "Инсон ҳуқуқлари мониторинги", "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" каби бир қанча тўпламлар муаллифи ва масъул муҳарриридир. "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари", "Жамоатчилик фикри. Инсон ҳуқуқлари" ва бошқа шу каби бир қанча журналлар таҳририят кенгашларининг аъзоси.

Ўзбекистон ФА академиги, профессор Рашидова Сайёра Шарофовна таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Кимё оламининг фидокори” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмасига ташриф буюрган фойдаланувчилар олиманинг “Агро илм”, “Дунё амбудсманлари”, “Кимё”, “Полимер толалар физикаси” номли китоблари ва илмий рисолалари билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ