Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида машҳур озарбайжон шоирлари Салим Бобулло ўғли ва Аждар Ўл билан ижодий учрашув

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида машҳур озарбайжон шоирлари Салим Бобулло ўғли ва Аждар Ўл билан ижодий учрашув
07.07.2018

2018 йил 7 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида замонавий озарбайжон адабиётининг машҳур шоирлари Салим Бобулло ўғли ва Аждар Ўл билан «Ижодкор ёшлар клуби» доирасида ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек адиблари, таржимонлар, Ўзбекистондаги Озарбайжон миллий маданий маркази вакиллари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, филология фанлари номзоди Тоҳир Қаҳҳор, таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф, шоиралар Ўктамой Холдорова, Дилбар Ҳайдаровалар ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари тарихи, бугуни ва истиқболи ҳақида ҳақида сўзладилар, унинг ривожи йўлида ўз таржималари билан ажралиб турган намояндаларини санаб ўтдилар.

 

“Тили, маданияти, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқин бўлган ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги адабий алоқалар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Мумтоз адабиёт давридан бошланган ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари олти асрки тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мустақиллик йилларда бир қатор озарбайжон ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига, ўзбек адибларининг асарлари озарбайжон тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. Адабий алоқалар борасида ҳар икки ўлкада ҳам бир қатор мақола, рисола, монография, тўплам, антология ва диссертациялар яратилди. Озарбайжон адабиётининг машҳур шоирлари Салим Бобулло ўғли ва Аждар Ўллар ижоди ҳам бунга мисол бўла олади”, - деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.

 

Ҳозирги озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, шоир, эссенавис Салим Бобулло ўғли 1972 йилда туғилган. Кўплаб шеър ва ҳикоялар муаллифи. Турк, рус, ўзбек, инглиз, гуржи шоирларининг асарларини таржима қилган. Ўрхон Вали, Иосиф Бродский, Чеслав Милош каби шоирларнинг асарлари унинг таржимасида чоп этилган. Салим Бобулло ўғли бир қанча халқаро ва миллий мукофотлар совриндори. У “Дунё адабиёти” журналининг Бош муҳаррири, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Шоир Аждар Ўл (Жабиев Аждар Файзулла ўғли) 1958 йилда Ғозимаммад шаҳрида туғилган. 1979 йилда Ганжа давлат педагогика институтини тамомлаган. Мактабда ўқитувчи, «Ишиқ» (Hyp) нашриётида мусаҳҳиҳ, кичик муҳаррир, «Шур» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Ҳозирги вақтда молия вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи. Шеър, ҳикоя, пьеса, бадиа жанрларида ижод қилади. Йигирмадан зиёд китоб муаллифи. Асарлари Туркияда, Эронда, Польшада нашр этилган.

 

Тадбирда «Ижодкор ёшлар клуби» аъзолари муаллифларнинг шеърларини озарбайжон, ўзбек ва рус тилларида ўқидилар. Ижодий учрашув сўнгида Аждар Ўл ва Салим Бобулло ўғли тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини билдирдилар, Самарқанд ва Бухоро сафаридан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ