Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида психолог Зебинисо Аҳмедованинг китоблари тақдимоти

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида психолог Зебинисо Аҳмедованинг китоблари тақдимоти
06.07.2018

2018 йил 6 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида психолог Зебинисо Аҳмедованинг “Психолог маслаҳатлари” туркумидан жой олган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда руҳшунослар, психология соҳасининг етакчи мутахассислари, ўқитувчилар, тарбиячилар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тақдимотда Зебинисо Аҳмедованинг “Эртак-терапия”, “Кичик болалардаги катта қўрқувлар”, “Имтиҳондан албатта ўтасиз, агар...”, “Мақсад қўйиш психотехнологияси”, “Насияга олинган бахт ёҳуд тушкунликдан чиқиш сирлари”, “Келин ва куёв танлаш санъати”, “Оила бренди”, “Оила дипломатияси” деб номланган янги нашр этилган китоблари ўрин олган.

Тадбирда адабиётшунос Раҳимбой Жуманиёзов, “Спектрум” нашриёти бош муҳаррири Умида Ражабова, Халқаро китоб савдоси маркази директори Хошимжон Муродов, руҳшунос Дилором Собирова ва бошқалар сўзга чиқиб тақдимоти ўтказилаётган китобларнинг долзарблиги, уларнинг ҳар бири маълум бир психологик муаммони олиб чиққанлиги, инсон шаклланишида уларнинг муҳим ўрни ҳақида гапирдилар.

“Эртак-терапия” китобида муаллиф 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларнинг психологик муаммоларини эртаклар ёрдамида бартараф этиш йўлларани тавсия этса,  “Кичик болалардаги катта қўрқувлар” китобида у болажонлардаги қўрқувларнинг сабабини аниқлашга, вақтида уларнинг олдини олишда ҳамда фарзандингизнинг бахтли инсон бўлиб етитишишида кўмаклашади.  “Имтиҳондан албатта ўтасиз, агар...” китоби абитуриентларни ҳамда уларнинг ота-оналарини имтиҳон топширишдек жиддий ва масъул жараёнга руҳан ва маънан тайёрласа, “Мақсад қўйиш психотехнологияси” китобида орзу ва мақсад орасидаги фарқ, мақсад ва мақсадсизлик тушунчалари таҳлил этилади, тўғри мақсад қўйишнинг эътиборли жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилади”, деди Р.Жуманиёзов.

“Насияга олинган бахт ёҳуд тушкунликдан чиқиш сирлари” китоби “Тушкунликка тушмаслик учун нима талаб қилинади?”, “Тушкунликдан халос бўлишнинг қандай йўллари бор?” каби саволларга атрофлича жавоб бериб, китобхонни тушкунликдан чиқишнинг ўзига хос усулари ва йўл-йўриқлари билан таништиради. “Келин ва куёв танлаш санъати” бўлажак келин-куёв, қайнота ва қайноналарга мўлжалланган бўлиб, унда муаллиф ўзининг ҳаёти давомида кўрганлари, билганлари, ўқиганлари ва эшитганларини таҳлил этиш баробарида маслаҳатлар беради. “Оила бренди” китобида бренд тушунчаси, унинг оилага нисбатан қўлланилиши талқин қилиш баробарида инсоннинг оила ва жамият ҳаётида тутган ўрни, бахтли бўлиш сирлари ва мавқега эга бўлиш омиллари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. “Оила дипломатияси” китобида оиланинг муқаддаслиги, оилавий муносабатларда дипломатиянинг ўрни ҳақида сўз боради”, - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Х.Муродов.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб  олдилар ва муаллифга ўз миннатдорликларини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ