Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Аичи санъат университети (ACU) делегациясининг Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташрифи

Аичи санъат университети (ACU) делегациясининг Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташрифи
11.05.2018

2018 йил 11 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Нагоя Университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамроҳлигида Аичи префектураси университетлари корпорацияси бошқарув раиси бошчилигидаги Аичи санъат университети (АСУ) делегацияси ташриф буюрди.

 

Делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи мақсади – қадимий ўзбек қоғози тарихи ва ишлаб чиқариш технологияси билан боғлиқ тадқиқотни амалга ошириш ҳамда қадимги ўзбек қоғози билан жаҳон хамжамиятини таништириш ва қоғоз орқали ўзбек илм-фани, маданияти ва миниатюра санъатининг шарқ ва ғарбга тарқалганлигини эътироф этишдан иборат бўлса, Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташрифи ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, кутубхонада сақланилаётган қадимги ва ноёб қўлёзмалар билан танишиш, уларни тадқиқот қилиш, сақлаш ва қайта тиклаш масалаларига доир муҳокамалар ўтказишдир.

Эксурсия давомида делегация аъзоларига кутубхонанинг тарихи ва ҳозирги фаолияти, фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, электрон базани яратиш жараёнида қўлланиладиган илғор инновацион технологиялар, Миллий кутубхонанинг халқаро алоқалари ҳақида маълумот берилди. Делегация аъзолари қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар бўлимига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда улар қадимий литографик ва босма нашрлар, хариталар, ноёб китоблар билан ҳам танишди. Ташриф доирасида Аичи санъат университети (АСУ) делегацияси ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида маданий ва гуманитар соҳада ўзаро ҳамкорлик масалалари, ҳамда таълим ва фан йўналишида истиқболли алоқалар ўрнитиш имкониятлари муҳокама қилинди.  

Ташриф сўнгида қадимий ўзбек қоғозини тадқиқот қилиш лойиҳаси раҳбари, Аичи санъат университети профессори Коджи Шибазаки қабул учун миннатдорчилик билдирди, ўз таассуротларини изҳор қилди ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси равнақига муваффақиятлар тилади.

 Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ