Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Жасур ва мард академик” деб номланган  адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Жасур ва мард академик” деб номланган  адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди
05.05.2018

2018 йил 5 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида Ўзбекистон ФА академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор  Матёқуб Қўшжонов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Жасур ва мард академик” деб номланган  адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди. Кўргазмада олимнинг адабиёт назариясига оид муаммоларни тадқиқ этишга, адабиётшунослик методологияси муаммолари масаласига бағишланган илмий китоблари тақдим этилган.

Адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов 1918 йил 5 май куни Туркманистонда туғилган.  1946 йил Тошҳовуз шаҳридаги ўқитувчилар институтини, Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган. У Ўрта Осиё университети (ТошДУ)да доцент, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, директор, етакчи илмий ходим, илмий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

 

Матёқуб Қўшжоновнинг асосий илмий ишлари 20-аср ўзбек адабиётининг ривожланиш тамойиллари, адабий танқид ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва ёзувчи маҳорати масалаларига бағишланган. Унинг тадқиқотларида Қодирий, Қаҳҳор, Ойбек, П.Қодиров, О.Ёқубов, А.Орипов ва бошқа ёзувчи, шоирларнинг маҳорати ўрганилган ва бадиий асарнинг сюжет, композиция, характер ва конфликт масалалари таҳлил қилинган.

Матёқуб Қўшжоновнинг 90-йилларда ёзган «Ўзбекнинг ўзлиги», «Абдулла Орипов» ва бошқа асарларида машҳур ёзувчилар ҳақида фикр юритилган. Олимнинг «Тепки босилди», «Алам», «Дагиш», «Армон»  каби бадиий-биографик асарлари ҳам бор.

 

Матёқуб Қўшжонов икки жилдлик «Адабиёт назарияси», беш жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи», икки жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», икки жилдлик «Русча — ўзбекча луғат», бир жилдлик «Ўзбекча — русча луғат» ва бошқа нашрларнинг яратилишига бош-қош бўлган. Унинг раҳбарлигида 5 та фан доктори, 15 та фан номзоди етишиб чиққан.

Академик М.Қўшжонов Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

 “Жасур ва мард академик” деб номланган  адабиётларнинг очиқ кўргазмасига ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари Ўзбекистон ФА академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Матёқуб Қўшжоновнинг асарлари билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ