Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди
09.04.2018

2018 йил 9 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси бўйича семинар ўтказилди. Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси мутахассислари томонидан ўтказилган мазкур семинарда 14 та ахборот-кутубхона марказлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонаси, Республика илмий-педагогика кутубхонаси, Тошкент давлат техника университети ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ахборот-ресурс марказлари ходимлари иштирок этдилар.

Семинар 2013 йил 17 декабрдаги “Корея Республикасининг иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик Фондининг молиявий кўмагида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини биринчи навбатда амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги ПҚ-2088-сон, 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил Инвестицион дастури тўғрисида”ги ПҚ-2264-сонли қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, 2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси ўртасида имзоланган шартномага кўра «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева семинар иштирокчиларини қутлади ва уларга мазкур лойиҳанинг моҳияти ва аҳамияти, бугунги кунда лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

TULIP дастури менеджери Ч.С.Ли семинар иштирокчиларини «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси билан таништирди. FutureNuri компанияси мутахассислари К.О.Квон ва Х.В.Кимлар лойиҳа тизимининг яратилиш стратегияси, маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятлари, лойиҳа дизайни ва келажакдаги фаолияти шунингдек PSS (TULIP Web) ҳамда  IELS(TULIP) лойиҳалари, веб-сайт тақдимоти ва унинг ишлаш тизими ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Семинар якунида лойиҳанинг камчиликларини бартараф этиш мақсадида соҳа мутахассислари билан саволномалар ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ