Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий-маънавий меросларига бағишланган “Ҳазрат Имом ал-Бухорий” ва “Икки улуғ донишманд. Абу Исо ат-Термизий. Ал-Ҳаким ат Термизий” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий-маънавий меросларига бағишланган “Ҳазрат Имом ал-Бухорий” ва “Икки улуғ донишманд. Абу Исо ат-Термизий. Ал-Ҳаким ат Термизий” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди
11.05.2016

2016 йил 11 май Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий-маънавий меросларига бағишланган асарлар “Ҳазрат Имом ал-Бухорий”, “Икки улуғ донишманд. Абу Исо ат-Термизий. Ал-Ҳаким ат Термизий” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда шарқшунослар, файласуфлар, диншунослар, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

 

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев Шарқ донишманд ва мутафаккирларининг илмий ва маънавий меросини, панду-насиҳатларини ўрганишнинг ҳозирги кундаги актуал муаммоларни ҳал этишдаги ролини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у шу каби тақдимотларнинг Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилишининг аҳамияти, унда китобхонларнинг муаллиф билан бевосита мулоқот қилиши ва китоб билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишига урғу бериб ўтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шарҳловчи Турсун Қоратоев Ўзбекистон ҳозирги кунда Марказий Осиёнинг маданий ва диний маркази бўлиб келаётганини эътироф этди ва: “Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона, Тошкент каби қадимий шаҳарларда меъморий обидалар билан бир қаторда Имом ал-Бухорий, Имом Мотурудий, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбандий, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғилоний, Имом ат-Термизийларнинг муқаддас мақбаралари ва улар номи билан боғлиқ табаррук қадамжолар бор. Уларнинг таълимоти, меросига қаратилаётган эътибор, уларни ўрганиш, сақлаш ва келажак авлодга етказиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Бугун тақдимоти ўтказилаётган китоблар ҳам буюк алломаларимизнинг китоблари ва уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган бир тадбирдир”, деди Т.Қоратоев.

 

Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов ўзбек китобхонларини Ҳазрат Имом ал-Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат Термизий ҳаёт йўли, таълимоти билан таништирувчи мазкур китобларнинг ёзилиши мақсади ва аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди. “Мусулмон дунёси тафсир, ҳадис, фикх, калом каби исломий илмларни фан даражасига олиб чиққан донишмандларимизнинг илмий ва диний қарашлари ўрганиб келмоқда. Шуни ҳам эътироф этиш керак-ки, мазкур китоблар буюк аждодларимиз, ҳаёти ва илмий изланишларига бағишланган бўлиб, нафақат ўқувчилар ва талабаларга, балки илмий изланишлар доирасидаги диний қонун-қоидаларга қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжаллангандир”, деди У.Уватов.  

 

Имом Бухорий маркази директор ўринбосари Бахтиёр Тўраев Ҳазрат Имом ал-Бухорий” китобининг долзарблиги ва амалий аҳамияти ҳақида: “Убайдулла Уватов томонидан араб тилидан таржима қилинган Шайх Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг  китоби китобхонларга Имом ал-Бухорий ҳаёти, диний фаолияти, замондошлари ва издошларининг унинг таълимоти ва илмий ишларига қарашлари ҳақида ҳикоя қилади. Китоб тўққиз фасл, хотима ва Имом ал-Бухорий шогирдлари ҳақидаги маълумотлардан иборат. Китобда Имом ал-Бухорийнинг машҳур асарлари қисқача мазмуни ва уларнинг таснифи, ал-Бухорийнинг устозлари, ал-Бухорийнинг қувваи ҳофиза ва кучли хотираси, “Ал-Жомеъ ас-Сахиҳ” асарининг ёзилишига туртки бўлган сабаблар, унинг ислом оламидаги ўрни ва мартабаси ҳақида маълумотлар мужассам” деди.

 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси сиёсий шарҳловчиси Қобилбек Каримбеков “Икки улуғ донишманд. Абу Исо ат-Термизий. Ал-Ҳаким ат Термизий” китобининг ғоявий аҳамияти ҳақида қуйдагиларни айтди: “Мазкур китобни Убайдулла Уватов ислом тариқати вакиллари, хадисшунослар Термиз шаҳрининг номини дунё тамаддунида танитиб абадийлаштирган икки буюк донишманд Абу Исо ат-Термизий ва Ал-Ҳаким ат Термизийларнинг диний таълимотларини ўрганишга бағишланган. Абу Исо ат-Термизийнинг кўплаб асарлари орасида муаллиф пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг инсоний фазилатлари, хисларлари ва чизгиларига бағишланган "Ал-Жомеъ ас-сахиҳ", “Ал-илал фи-л-хадис” ва “Аш-шамоил ан-набавия” асарларига ўз эътиборини қаратади. Муаллиф шунингдек, китобида шарқ тариқатининг йирик вакили, файласуф ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти, фаолияти, устозлари, таҳаллуслари ва асарлари ҳақида қизиқарли маълумотларни ёритади”.

Талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар. Шунингдек улар Убайдулла Уватовнинг китоблари ва тақдимот маросими ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ