Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Инсон азиз, хотира муқаддас” деб номланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Инсон азиз, хотира муқаддас” деб номланган тадбир бўлиб ўтди
05.05.2016

2016 йил 5 май куни Ўзбекистон Миллий  кутубхонасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда “Инсон азиз, хотира муқаддас” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Миллий  кутубхона қошидаги “YS” чет тилларни ривожлантириш ва тарғиб этиш маркази аъзолари ва кўнгиллилари томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари, маҳалла фуқаролик йиғинлари вакиллари, кутубхона фойдаланувчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

 

“Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бўлиб ўтган тадбирдан кўзланган мақсад ёшларда кекса авлод вакилларига нисбатан миннатдорлик, эҳтиром ва ифтиҳор туйғусини шакллантириш ва бу билан ўтмишни қадрлашга қаратилган. Оилавий қадриятлар, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат асосида қурилган ўзбек менталитети тамоилларини ҳисобга олган ҳолда мазкур мавзу ҳозирги кунда долзарб мавзулардан бири бўлиб келмоқда.

Тадбир ўз жонини бахтли келажак учун фидо қилганлар хотирасига бир дақиқа сукут сақлашдан бошланди. Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан Ўзбекистон Миллий  кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабоева кутубхона меҳмонларини қутлади ва бу каби тадбирларнинг баркамол авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлади. “Миллий  кутубхона қошидаги “YS” чет тилларни ривожлантириш ва тарғиб этиш маркази аъзолари ва кўнгиллилари томонидан уруш йилларига доир ҳужжатларни абадийлаштиришга йўналтирилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу оилавий альбомларда сақланиб қолган фотосуратлар, архив ҳужжатлари ва аскарларнинг уйга ёзган ва уйларидан келган хатларидир. Марказ кўнгиллилари бизларга уларни йиғишда ва рақамлаштиришда кўмак бериб келмоқдалар. Бу каби учрашувларни ташкил этиш эса ўтганларни ёдга олиш, қолганларга ғамҳўрлик қилиш ва уларни эъзозлаш борасида яхши бир анъанага айланиб қолди”,- деди У.Тешабоева.

 

Миллий  кутубхона қошидаги “YS” чет тилларни ривожлантириш ва тарғиб этиш маркази аъзолари меҳмонларни қутладилар, кекса авлод вакилларининг Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ҳиссаларини алоҳида эътироф этдилар, Ватан ҳимояси жангларида жонларини қурбон қилганларнинг номларини ва уларнинг жасоратларини тилга олдилар. Шунингдек, тенгдошларига мурожаат этиб, ўзларида ўтганларни хотирлаш, кекса авлод вакилларига эътибор кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш баробарида уларга муносиб авлод бўлиб етишга ҳаракат қилиш каби муқаддас бурчларини тўлиқ адо этишга чақирдилар.

 

“Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган тадбирда Миллий  кутубхона қошидаги “YS” чет тилларни ривожлантириш ва тарғиб этиш маркази фаоллари томонидан концерт дастури тақдим этилган бўлиб, унда бой ҳаёт тажрибаси билан ёшларга ўрнак бўлаётган кекса авлод вакилларини тараннум этувчи саҳна кўринишлари, шеърлар ва қўшиқлар янгради.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ