Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Махтумқули. Сайланма” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Махтумқули. Сайланма” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
17.10.2017

2017 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таржимон М.Пирриевнинг  “Махтумқули. Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистондаги Туркманистон элчихонаси вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва таржимонлар иштирок этдилар.

Тақдимотда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ш.Шириев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қутлади ва дўстлик ва қўшничилик руҳида барқарор ривожланиб бораётган ўзбек-туркман муносабатлари мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ва маданий алмашинувнинг янада мустаҳкамланиб боришига хизмат қилишини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон халқларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ўзаро муштараклиги, тарихи, маданияти ва қадриятларининг ўхшашлиги ҳақида гапирди. “Халқларимизни қардошлик ва дўстлик ришталари боғлаб келмоқда, Туркманистонда ўзбек адабиётини севиб ўқийдилар, кўпгина ўзбек адибларининг асарлари туркман тилига таржима қилинган, ижодий учрашувлар маданият ва санъат кунлари, илмий анжуманлар, турли фестиваллар ташкил этилмоқда. Бу каби тадбирлар ўзбек ва туркман илм-фан ва санъат аҳлининг илмий, маданий ва адабий алоқаларининг, қолаверса иккала халқ азалий дўстлигининг мустаҳкамланишига хизмат қилади”, - деди Ш.Шириев.

Ўзбекистон Ахборот ва матбуот агентлиги Бош директори Л.Тангриев сўзга чиқиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонда китобларни чоп этиш ва мутолаа маданиятига қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаб, “Давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳа ривожига қаратилган фармойиш ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар, бир томондан, азалдан китобсевар халқимиз, шу жумладан ёшларимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган бўлса, иккинчи томондан ноширларимиздан ҳозирги замон талаблари даражасидан келиб чиқиб ишлашни талаб қилмоқда”, - деди ва Махтумқули ижодида ўз бадиий ифодасини топган мавзулар, руҳият ва оҳанглар ҳақида сўзлади.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори А.Кучимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хорижий мамлакатлар билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи А.Алимбеков ҳамда Республика туркман миллий маданий маркази раиси ўринбосари Б.Ражабовалар сўзга чиқиб, ўзбек ва туркман адибларининг адабий алоқалари, ҳамкорликдаги изланишлари, Ўзбекистонда таниқли туркман шоири Махтумқули шеъриятининг ўрганилиши ҳақида сўзладилар. “Махтумқули Алишер Навоийни ўзига устоз билган. Унинг асарлари Ўзбекистонда қайта-қайта нашр этилмоқда, хонандалар эса унинг шеърларига басталанган қўшиқларни куйлашмоқда”, - деди А.Кучимов. Республика туркман миллий маданий маркази раиси ўринбосари Б.Ражабова эса йиғилганларга Махтумқули шеъриятидан намуналар ўқиб берди.

“Махтумқули. Сайланма” китоби муаллифи, таржимон М.Пирриев Махтумқулининг ижодида исломий мавзуларни ҳам, сўфиёна руҳни ҳам, халқона оҳангларни ҳам, мумтоз адабиёт таъсирини ҳам кузатилишини айтиб ўтди. “Алишер Навоийни ўзига устоз билган Махтумқули асарларининг юксак бадиияти уларнинг таъсирчанлиги ва умрбоқийлигини таъминлаган. “Фироғий” тахаллуси остида ижод қилган Махтумқулининг бизгача лирик, фалсафий ва панд-насиҳат характеридаги 700га яқин шеърлари ва 10га яқин достонлари етиб келган. Масалан, “Бўлмаса”, “Келгай”, “Ёмғир ёғдир, султоним”, “Найлайин”, “Кўринг”, “Етмас” ва бошқалар”, - деди у ва тақдимот ташкилотчиларига ва меҳмонларга миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ