Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллат театрини уйғотган инсон” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллат театрини уйғотган инсон” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди
13.10.2017

2017 йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Ижод” ўқиш залида ўзбек режиссёри, актёр Маннон Уйғур (Абдуманнон Мажидов) таваллудининг 120 йиллиги муносабати “Миллат театрини уйғотган инсон” деб номланган адабиётларнинг очиқ  кўргазмаси очилди.

Таниқли ўзбек театри арбоби, етук режиссёр, актёр, таржимон, драматург ва педагог Маннон Уйғур (Абдуманнон Мажидов) 1897 йил 11октябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Бўлажак санъаткор 1909-1914 йилларда Тошкентдаги янги усул мактабида, кейинчалик мадрасада таълим олиб, саҳна фаолиятини 1916 йилда Турон труппасида актёр сифатида бошлади ва 1918 йилда шахсий ташаббуси ва ҳаракати билан Давлат театрини ташкил этади. Маннон Уйғур 1924-1927 йилларда Москвада ўзбек драма студиясида ўқиб, К.Станиславскийнинг илғор саҳна услуби, Е.Вахтангов режиссураси билан назарий ва амалий жиҳатдан танишади. Ўқишдан қайтгач ўзбек мусиқали драма жанрининг ривожида муҳим аҳамият касб этган «Аршин мол олон», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин» асарларини саҳналаштирди. Сўнгра, у жаҳон ва рус мумтоз драматургиясининг «Ҳамлет», «Отелло» ва «Ревизор» каби нодир дурдоналарига мурожаат қилиб, уларни муваффақиятли равишда саҳналаштирди. 1945 йилда М.Уйғур саҳналаштирган Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» спектакли ўзбек саҳнасининг шоҳ асарларидан бўлиб қолди. Уйғур кўплаб шаҳарларда драма труппаларини тузиб, ёшларни театрларга жалб қилди, ўзбек маданиятининг улкан арбоблари А.Ҳидоятов, О.Жалилов, Я.Бобожонов, Ш.Қаюмов, С.Олимов, С.Эшонтўраева, Ш.Бурҳонов, О.Хўжаеа каби кўплаб истеъдодли санъаткорларни тарбиялаб вояга етказди. Унинг серқирра ва сермазмун ижоди 1932 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони билан, «Алишер Навоий» спектаклини саҳнага қўйгани учун 1949 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Қўргазмада Маннон Уйғур ижодини ёритиб берувчи очерклар, унинг ўзбек театри шаклланиши ва ривожланишидаги роли тўғрисида илмий рисолалар ва ижод манбалари, режиссёрлик маҳорати ва камолот йўллари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ