Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Буюк қомусий олим” номли китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Буюк қомусий олим” номли китоб-расмли кўргазма очилди
21.09.2017

2017 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Кашфиёт” ўқиш залида ўзбек мутафаккир олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний (973–1048) таваллудига бағишланган “Буюк қомусий олим” номли китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада олимнинг ҳаёти ва фаолиятига оид китоблар ўрин олди.

Ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний замонасининг қатор фанлари: астрономия, физика, математика, геодезия, геология, минералогия, тарих кабиларни чуқур билган Абу Райҳон Беруний 973 йилнинг 4 сентябрь кунида Хоразм пойтахти Қиёт шаҳрида таваллуд топди. Осмон жисмларини геометрик тушунтириш асосида Беруний Ерни коинотнинг маркази деб билувчи геоцентрик ва қуёшни коинот маркази деб ўргатувчи гелиоцентрик тизим тенг кучга эга, деган хулосага келади.

Ёшлигиданоқ унда илм-фанга қизиқиш орта борди. Беруний машҳур олим Абу Наср Мансур ибн Ироқ қўлида бошланғич таълим олди. Ибн Ироқ астрономия, геометрия, математикага оид бир қанча асарлар ёзиб. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади. Унинг муҳим астрономик-географик асари «Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли ташиди масофат ал-масокин» («Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш» - «Геодезия») 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари ҳам 1029 йилда ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. “Масъуд қонуни” китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган. Беруний «Минералогия» рисоласида ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ  ҳатто Европода ҳам минералогия соҳасида тенги йўқ асари ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари - «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси ХХ асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.

Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар езди.

Ўзбек мутафаккир олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний таваллудига бағишланган “Буюк қомусий олим” номли китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган китобхонлар унда тақдим этилган адабиётлар орқали  Беруний ҳаёти ва илмий фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ