Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Сирли саратон” китобига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Сирли саратон” китобига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
19.09.2017

2017 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказининг Тошкент вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Абдулла Абдуҳакимовнинг “Сирли саратон” китобига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда таниқли олимлар, муаллифнинг устозлари ҳамда шогирдлари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов онкология фани, унинг фидоийлари, ҳозирги замон онкологик муаммолари, уларга бағишланган мазкур китобнинг моҳияти, мақсади ва аҳамияти ҳақида сўзлади. “Китобнинг энг муҳим жиҳати шунда ки, у беморларига умид бағишлайди. Китобдан саратоннинг этимологияси, тарихи, онкологик шифокорлар, даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Бундан ташқари муаллиф саратонга чалинган инсонларни келажакка ишонч билан яшашга ўргатади ва унинг олдини олиш бўйича тавсиялар беради”, -деди у.

Академик Аҳмадали Асқаров муаллифнинг меҳнат фаолияти ҳақида ва мазкур рисолада берилган маълумотлар ҳақида қуйидагиларни сўзлади: “Рисолада саратон касаллигини келтириб чиқарган омиллар, касалликнинг даражалари, бу касалга дучор бўлган беморларни даволаш йўлидаги жарроҳлик, химиотерапия, биотерапия, нур терапия усуллари ҳақида тегишли маълумотлар берилган. Бундай илмий-оммабоп рисолани китобхонлар оммасига тавсия этилиши бугунги кунда ўта долзарб ва ҳаётий заруриятдир. Шу кичик китобда катта мақсадлар кўзлайди”.

Профессор Умарали Норматов профессор Абдулла Абдуҳакимовнинг инсоний хислатлари, касбий маҳорати ва китобдан ўрин олган мавзулар ҳақида сўзлади. “Абдулла Абдуҳакимов ўз касбининг фидоийси, камтарин ва ўта халқчил инсон. Шунинг учун ҳам китобининг тили барчага тушунарли содда ва ортиқча жимжимадор атамалардан ҳолидир. Ушбу рисола онкология ва онкологик касалликлар, уларнинг муолажаси ҳақидаги ўзбек тилида ёзилган илк манбадир. Унда тарихий исботланган мисоллар келтирилган. Китобда нафақат беморга, балки уни парваришлаётган инсонларга атрофлича тавсиялар берилган. Унда бемор ва унинг яқинларига тўғрисини айтиш, ҳаётга ишониб яшаш ва саратоннинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар келтирилган”, -деди У.Норматов.

Ўз ўрнида муаллиф тақдимот иштирокчиларига миннатдорлик билдирди ва: “Ушбу китобда сўз юритилган мавзуларни содда ва тушунарли, оммабоп тарзда ёритишга ҳаракат қилдик. Барча маълумотлар менинг ўз тажрибамдан келтирилган. Агар бирон киши китобдан ҳаётида асқотадиган бирор янгилик олган бўлса, мен ўз олдимга қўйган мақсадимга етган бўлар эдим”, - деди.

Тадбирда шифокордан даво топганлар ва унинг малҳам сўзларидан шифо топган Д.Пулатова, Ш.Рахматовалар сўзга чиқиб, профессор Абдулла Абдуҳакимовга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар ва унинг нафақат тиббий, балки психологик даволаш услуби ҳақида сўзлаб бердилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ