Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Зулматни ёритган чақмоқ” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Зулматни ёритган чақмоқ” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
15.09.2017

2017 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Ўзбекистон” ўқиш залида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Зулматни ёритган чақмоқ” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмадан адибнинг турли йилларда нашр этилган ҳикоялари, хажвий ҳикоялари, романлар ва адабий мулоҳазалари ўрин олган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқонда туғилди. Олдин эски мактабда, "Истиқлол" номли шўро мактабига ўқишга киради, ундан интернат, "Коммуна", "Намуна" мактабларида, сўнг педагогика билим юртида таҳсил кўради. 1925 йилда Тошкентга келиб, турли таҳририятларда меҳнат қилди. 1926—1930 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олди. Умри мобайнида турли ижодий муассасаларда ишлади.

Абдулла Қаххорнинг "Ой куйганда" илк ҳажвий шеъри "Муштум" журналида Норин шилпиқ тахаллуси остида босилди (1924). «Олам яшаради» номли биринчи ҳикоялар тўплами 1932 йилда босилган. Абдулла Қаххорнинг насрий асарлари орасида "Қўшчинор чироқлари" романи ҳамда "Синчалак" (1958), "Ўтмишдан эр-таклар" (1965) ва "Муҳаббат" (1968) қиссалари муҳим ўрин тутади. Абдулла Қаххорнинг истеъдоди учун комедия жанри ҳам яқин эди. У "Оғриқ тишлар" (1954), "Тобутдан товуш" (1962) ҳамда "Аяжонларим" (1967) комедияларини яратди. Абдулла Қаххор ёзувчи сифатида ўзбек тилини нозиқ ҳис этувчи ва унинг бой имкони-ятларидан маҳорат билан фойдаланувчи қаламкаш эди. У ўзининг насрий асарларида ҳам, комедияларида ҳам тилдан фойдаланиш ва она тилининг чексиз имкониятларини намойиш этишнинг ажойиб намуналарини берди ва ўз ижоди билан ўзбек адабий тилининг камол топишига улкан ҳисса қўшди. А. Қаҳҳор ўринли сўз қўллаш маҳоратини пухта эгаллаган адибдир. Ижодида воқеликни реалистик талқин этиш устуворлик қилади. Адиб серқирра ижодкор сифатида адабиётнинг деярли барча тур ва жанрларида қалам тебратган.Айни пайтда Абдулла Қаххор асарлари рус, украин, белорус, қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ каби тилларга таржима қилинган. Унинг айрим ҳикоялари эса инглиз, немис, франсуз, чех, поляк, болгар, румин, араб, ҳинд, ветнам тилларида чоп этилган.

Кўргазмага ташриф буюрган китобхонлар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор асарлари билан танишадилар, шунингдек унинг ҳаёти ва ижодига даҳлдор кўпгина қизиқарли ва фойдали маълумотларга эга бўладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ