Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “Алишер Навоий” каталоги билан бойиди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “Алишер Навоий” каталоги билан бойиди
19.05.2017

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “Алишер Навоий” “Рукописи и литографированные издания произведений Алишера Навои в Московских собраниях” (Москва тўпламларидаги А.Навоий асарларининг қўлёзма ва тошбосма нашрлари) каталоги билан бойиди. Мазкур каталог 2016 йилда Москвадаги Рудомино Китоб маркази нашриётида 208 бет ҳажмда, тарих фанлари доктори И.В.Зайцев раҳбарлиги остида нашр этилди. Нашр рус тилида.

“Алишер Навоий” каталоги Хорижий адабиётлар кутубхонаси ва Россия-Ўзбекистон дўстлиги ва ҳамкорлиги жамияти томонидан тайёрланган бўлиб, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган. Унда Москва шаҳри кутубхоналари ва музейларида сақланаётган XVIII-XIX арларга оид 14 қўлёзма ва XIX охири XX бошларига оид 12 тошбосма нашрлардан намуналар тўпланган.

Мазкур каталог Алишер Навоий адабий меросини нафақат Россия ва Ўзбекистонда, балки бутун дунёда танитишни мақсад қилган. Каталог асосини ҳозирги кунга қадар нафақат Навоий шеърияти шинавандалари, балки буюк ўзбек шоирининг мутахассис олимлар учун ҳам номаълум бўлган асарлари рўйхати ташкил этади. Унда Алишер Навоий асарларига ишланган репродукциялар, қўлёзма ва тошбосма нашрларнинг рангли  расмлари мавжудлиги, унинг ҳақли равишда альбом деб аталишига сабаб бўлади.

Каталогнинг кириш қисмида ўзбек навоийшунос олимлари: академик А.Қаюмов ва профессор Д.Азимоваларнинг Алишер Навоийнинг Шарқ маданияти ривожида қўшган ҳиссаси ва у қолдирган маънавий мероси ҳақида мақоласи берилган.

Каталогда Алишер Навоий асарларининг Россия давлат кутубхонаси Қўлёзмалар илмий-тадқиқот бўлимида, Россия давлат тарих кутубхонасида, Шарқ давлат музейида, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтида ва Давлат тарих музейи ёзма манбалар бўлимида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма нашрлари, исмлар, географик номлар ва муҳрлар кўрсаткичлари ҳамда қисқартмалар рўйхати ва библиография берилган.   

Мазкур каталог навоийшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини, унинг адабий меросини ўрганишда, асраб-авайлаш ва авлодларга етказишда манба сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ