Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Музей-тарихий хотирани тиклаш маскани” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Музей-тарихий хотирани тиклаш маскани” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
18.05.2017

18 май куни 2017 йил Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ижод” ўқиш залида Халқаро музейлар  куни муносабати билан  “Музей-тарихий хотирани тиклаш маскани” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Умуминсоният маданияти ва миллий қадриятларни ўзида сақловчи ушбу соҳа байрами 1977 йилда Халқаро Музейлар кенгашининг Бош конференцияси қарори билан таъсис этилган. 1978 йилдан буён 18 май куни 150дан зиёд мамлакатларда нишонлаб келинмоқда. Бу кунда миллионлаб ташриф буюрувчилар халқларнинг тарихий ўзига хослиги, маданияти, қадриятлари ҳақида сўзловчи музей экспонатлари билан танишиш имконига эга бўладилар.

Халқаро музейлар кунини ўтказишдан мақсад –жамоат эътиборини музей экспонатларининг,  миллий маданий бойликларнинг ноқонуний ташилиши, олиб ўтилишидан огоҳлантириш, ташриф буюрувчиларга ва сайёҳларга халқнинг бой маданий мероси, мамлакатнинг ютуқлари билан таништиришдан иборат.

Бугунги музейлар жамоатчилик учун ҳамиша очиқ, улар жамоатчилик билан ҳамкорликда фаолият юритади. Жамоатчилик музейлар ишида ижодий ёндашган ҳолда, фаол иштирок этиб келмоқда. Музейлар ҳам ўз ўрнида халқнинг тарихий-маданий, маънавий меросини асраб-авайлашда, инсоният цивилизацияси давомида йиғилиб қолган қадриятларни чуқур ўрганишга ва уни келажак авлодга янги технологияларни қўллаган ҳолда етказиб беришга катта эътибор қаратмоқда. Мазкур ишларни амалга ошириш баробарида музейлар илмий-маърифий, таълим-тарбиявий ишларни ҳам амалга оширмоқда.

Халқаро музейлар куни муносабати билан “Музей-тарихий хотирани тиклаш маскани” деб номланган китоб-расмли кўргазма ташриф буюрган фойдаланувчилар машҳур бадиий галереялар ва дунё музейлари билан таништирувчи китоблар, журналлар, рисолалар ва фотосуратлар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, бу ерда очиқ осмон остидаги музейлар, шаҳар-музейлар ва замонавий музейларнинг имкониятлари тўғрисида маълумот берувчи китоблар тақдим этилган. “Ўзбекистон обидалари. Дурдона битиклар”, “100 великих музеев мира”, “Музей под открытым небом”, “100 великих дворцов мира”, “Голландская жанровая живопись XVII века в собрании Государственного эрмитажа”, “Ўзбекистон давлат санъат музейи ноёб хазинасидан”, “Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи”, “Самарқанд музейи дурдоналари”, “Бухоро давлат архитектурно-бадиий музейи ва қўриқхона”, “Шохи-зинда” китоблари, “Мир музея” ва “Музей” махсус журналлари саҳифаларида  фойдаланувчилар музейлар экспонатлари— тарихий ёдгорликлар, амалий санъат намуналари, турли асрларга доир меъморий обидалар, моддий ва маънавий маданий меросимиз, шунингдек, баъзи музейларнинг бугунги кундаги фаолияти билан танишдилар.  

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ