Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “Emir Timur” (Амир Темур) китоби билан бойиди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “Emir Timur” (Амир Темур) китоби билан бойиди
18.05.2017

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди турк тилидаги “Emir Timur” (Амир Темур) китоби билан бойиди. Мазкур китоб Мармара университети профессори А.Шимширгил томонидан 2017 йилда нашр этилган бўлиб, унда муаллиф буюк саркарда, Соҳибқирон Амир Темур сиймосини тарихий ҳақиқатга асосланган бадиий талқинда тасвирлайди.

А.Шимширгил асосан Усмонли давлати тарихи, туркий халқлар тарихи, сиёсий ҳаёти ва бошқаруви билан боғлиқ илмий фаолиятлар олиб боради. Унинг Усмонлиларнинг шаҳар тарихи, сиёсий ҳаёти ва бошқаруви ҳақида кўплаб илмий мақолалари чоп этилган.

“Emir Timur” (Амир Темур) китоби “Otag” сериясининг иккинчи китоби саналади. Муаллиф баъзи адабиётларда Соҳибқирон Амир Темурнинг сиймосига нисбатан берилган баҳонинг ноҳолислиги, унинг образи етарлича ҳаққоний ёритилмаётгани ва у ҳақда нотўғри тушунчалар ёйилганини эътироф этиб, мазкур китобда бу каби нотўғри тушунчалар нима сабабли юзага келганини аниқлашга ва Соҳибқироннинг аслида қандай холис инсон бўлганини акс эттиришга уринган.

“Emir Timur” (Амир Темур) китоби тўрт бўлимдан иборат бўлиб, уларда Соҳибқироннинг насл-насаби, давлат бошқаруви, оқилона сиёсати, ҳарбий сафарлари, жанговар юришлари, буюк зафарлари, Амир Темур ва Темурийлар бошқаруви даврида фан, маданият  ва халқаро муносабатлар ривожи ҳамда унинг ислом динига садоқати ва адолатпарварлик, ҳақгўйлик, қаттиққўллик, қатъийлик ва мурувватлилик каби инсоний хислатлари бадиий уйғунлаштрилган тарзда тасвирланган.

Мазкур китоб нафақат тарихчи олим А.Шимширгилнинг Амир Темур сиймосига эҳтироми, балки турк-ўзбек маданий алоқаларининг мустаҳкамланишида ҳам аҳамият касб этади ва турк китобхоналирининг ўзбек тарихи ва тарихий шахслари ҳаётига бўлган қизиқишларини қондиришга хизмат қилади.

Пресс-служба Национальной библиотеки Узбекистана

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ