Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевага  “Эл-юрт ҳурмати” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевага  “Эл-юрт ҳурмати” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди
17.05.2017

2017 йил 17 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида юртимизда миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевага давлатимизнинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Тадбирда иштирок этган давлат маслаҳатчиси Х.Султонов Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиевани муборакбод этиб, давлатимизнинг юксак мукофоти - “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, шоира Ҳ.Ортиқбоева, “Ўзбекистон” нашриёти бош муҳаррири А.Жўраев, “Саодат” журнали бош муҳаррири Ф.Жалилова, шоира Қ.Раҳимбоева, Ўзбекистон хотин-қизлар кўмитаси раиси ўринбосари Г.Марупова, адабиётшунос олим Қ.Йўлдошевлар сўзга чиқиб, шоирани табаррук ёш ва қутлуғ мукофот билан қутладилар, унинг оташнафас, жўшқин, синовларда тобланган, сермазмун ижоди ҳақида гапирдилар. “Ҳалима Худойбердиева шеъриятининг мавзу ва маъно кўлами ниҳоятда кенг ва чуқурдир. Унинг шеърларида гўдак, аёл, ота-она, ватан мавзулари устуворлик қилади”, -деди “Ўзбекистон” нашриёти бош муҳаррири А.Жўраев ва шоирага янги чоп этилган “Осойишта шам” шеърий тўпламини армуғон этди.

 

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 майда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган. У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент Давлат университетида таълим олди. Сўнгра «Саодат» журналида аввал бўлим бошлиғи, муҳаррир ўринбосари ва кейинчалик бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди. Шу давр оралиғида у Москвада Олий адабиёт курсида таҳсил олди. У «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилди. «Ёзувчи» нашриётида етакчи мутахассис ва «Гулистон» журналида адабиёт бўлимини бошқарди.

 

Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, шу кунгача у йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар яратди. Хусусан, унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» (1991), «Ҳурлик ўти» (1993), «Бу кунларга етганлар бор» (1994), «Тўмариснинг айтгани» (1996) каби шеърий, насрий мажмуалари кенг китобхон оммасининг маънавий мулкига айланган. У таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилмоқда. Унинг Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов асарларидан қилган таржималари эътиборлидир. Ҳ.Худойбердиева маҳоратли публицист ҳамдир. Унинг «Юрагимнинг оғриқ нуқталари» тўпламига кирган мақолаларида замонамизнинг долзарб муаммолари ҳақида мушоҳада юритилади. Унинг жўшқин шеърияти ёрдамида инсонларни руҳлантириш, уларга ирода, матонат, бағрикенглик ва ҳар қандай шароитда ҳам ўз ижодига содиқ қолишдан иборат ибрат мактаби муносиб баҳоланиб, 1992 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ