Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Нурли мангулик” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Нурли мангулик” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди
16.05.2017

2017 йил 16 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумида чоп этилган, Ўзбекистон  Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджонов ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи  “Нурли мангулик” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда академиклар, маданият ва санъат арбоблари, театр ва кино актёрлари, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

 

Ушбу тўпламда халқимизнинг севимли санъаткори Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновни яқиндан билган, таниган инсонлар, унинг ҳамкасблари, шогирдларининг дил сўзлари жамланган. Китобдан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири А.Орипов, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Комилов, Ўзбекистон халқ шоири О.Матчон, Ўзбекистон халқ ёзувчилари П.Мўмин, О.Ёқубов, академик А.Қаюмов, Ўзбекистон халқ артистлари Ш.Аббосов, Т.Азизов, Р.Иброҳимова, С.Девонов, , Э.Комилов, М.Абдуқундузов, Г.Зокирова,  Т.Мўминов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосарлари Шайх Абдулазиз Мансур, Ҳожи Абдураззоқ Юнусов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон,  академик А.Убайдуллаев, профессор М.Қодиров хотиралари ўрин олган. Тўпламда улуғ санъаткор яшаб ўтган давр, унинг устозлари, ижоди, оиласи ва ижобий фазилатлари қаламга олинган бўлиб, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

 

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти бош муҳаррири, шоир Ш.Қурбон тақдимот иштирокчиларини қутлади, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш ва китобхонларни янги нашр этилаётган китоблар билан таништириш мақсадида ташкил этилаётган тақдимотларнинг ўрни ҳақида сўзлади. Шунингдек у мазкур китобдан ўрин олган, ўз қаламига мансуб “Зикир акадайлар” деб номланган шеърни ўқиб берди.

Китоб муаллифи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор А.Иброҳимов китобнинг яратилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди. “Зикир ака нафақат санъаткор, балки зеҳни ўткир, эътиборли ва ўқимишли инсон эдилар. Улар ўз ҳаётлари давомида йиғилган кузатувлари, орттирган тажрибалари ва ўзлари амал қилган ҳикматларни тўплаб, шуларни таҳрир қилиб, бир муқова остига жамлашни мендан сўраганлар. Шу тариқа уларнинг “Қалбдаги ўчмас излар” китоби дунё юзини кўрди. Бугунги тақдимоти бўлаётган китобда эса Зикир аканинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва яқинларининг хотиралари билан бир қаторда менинг ҳам хотираларим ўрин олган”, -деди муаллиф.

 

Тадбирда сўзга чиққанлар, театр ва кино актёри Зикир Муҳаммаджонов яратган ёрқин ва бетакрор образлар, унинг сабоқлари ва ўгитлари ҳақида гапирар эканлар, профессор А.Иброҳимов китобининг содда тили, халқчиллиги ва қизиқарли маълумотларга бойлигини таъкидладилар.

Академик А.Қаюмов З.Муҳаммаджоновнинг илк роллари, унинг ўзбек театр ва кино санъатини дунёга танитган машҳур образлари ҳақида сўзлади. “Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов 1938 йилдан бери Ўзбек Давлат академик драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатиб келди. Унинг театрдаги биринчи роли М.Шайхзоданинг “Жалолиддин” спектаклидаги Темур Малик образи бўлди. У театрда саҳналаштирилган жуда кўплаб саҳна асарларида бош ролларни ижро этиш билан бир қаторда кино санъатида ҳам эсда қоларли образлар яратди. У Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Ҳусайн Байқаро каби буюк тарихий шахсларнинг образини яратиш орқали дунёга ўзбек театр ва киносининг шухратини ёйди”, - деди А.Қаюмов.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Комилов, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ўзбекистон халқ шоири О.Матчон  З.Муҳаммаджоновнинг жамоат ишларидаги фаол иштироки, серқирра ва сермазмун ижодий фаолияти, услуби, эътиқоди, санъатга бўлган ихлоси ҳақида сўзладилар. Ўзбекистон халқ хофизи Ҳ.Ражабий ҳам З.Муҳаммаджонов билан бўлиб ўтган қизиқарли суҳбатларини хотирлади ва у ёқтирган қўшиқлардан куйлаб берди. Ўзбекистон халқ артистлари Т.Мўминов устоз санъаткорнинг ёшларга ибрат бўлгулик фидойилик, интизомга риоя қилиш ва ҳалол меҳнат қилиш каби талабларини хотирлар экан, унинг “Ҳамиша жамият билан бирга қадам ташланглар, унга ҳалол хизмат қилинглар, камтар бўлинглар ва санъаткор шаънига доғ туширманглар”, - деб айтган сўзларини такрорлади.

Тадбир давомида унинг иштирокчилари Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти З.Муҳаммаджонов ҳаёти ва ижоди, саҳнада, кино ва радиода яратган кўплаб мазмунли ва таъсирли образлари билан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ