Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Юрак бўронлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Юрак бўронлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
20.04.2017

2017 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг Ботир Зокиров хотирасига бағишланган “Юрак бўронлари” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда адиблар, санъатшунослар, санъаткорлар, Зокировлар сулоласи вакиллари, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни таниқли тележурналист Ш.Ғаниева олиб борди. Тадбир аввалида “Звездопад” кўрсатувининг Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига бағишланган сонидан парча намойиш этилди. Унда ўзбек эстрадаси асосчиси Ботир Зокировнинг ижодий йўли, мусиқий фаолияти ҳамда машҳур қўшиқларининг яратилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилинди.

 

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти бош муҳаррири, шоир Ш.Қурбон учрашув иштирокчиларини қутлади, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёш авлодни атоқли шахслар билан таништириш мақсадида ташкил этилаётган шу каби тадбирларнинг ёшлар маънавиятининг шаклланишидаги ўрни ҳақида сўзлади ва Б.Зокиров хотирасига бағишланган, ўз қаламига мансуб шеърни ўқиб берди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Э.Аъзам машҳур хонанда Б.Зокиров сиймосининг ўзбек адабиётида кўп бора ёритилганлиги ва А.Жўраевнинг «Юрак бўронлари» номли ҳужжатли қиссаси ҳақидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Жумладан У: “Китобда Ботир Зокировнинг ўзига хос тақдири, буюк ва такрорланмас санъаткорлиги ишончли тарзда, бадиий бўёқларда ўз аксини топган. Муаллифнинг мазкур китоби ўзбек эстрада санъати асосчиси, бетакрор ва ёрқин хонандани хотирлашга яна бир сабаб бўлса ажаб эмас” – деди.

 

Ўзбекистон халқ артистлари Ф.Зокиров ўзи учун ҳамиша ибрат бўлиб келган акаси Ботир Зокиров ҳақидаги хотираларини эслади ва китоб муаллифи А.Жураевга ўз миннатдорлигини билдирар экан, шундай фикрларни изҳор этди: “Ботир акамнинг ҳаётлари қисқа бўлса-да, аммо ёрқин, жўшқин ва сермазмун ўтди. Биз уларнинг ижод аҳли билан бўлган суҳбатларини эътибор билан тинглар эдик. Мен уларнинг ўзбек миллий маданиятининг, миллатининг келажаги учун куйиниб гапирганларини кўп эслайман. Улар турли жанрлар: опера ариялари, ўзбек халқ ва  турли миллатлар қўшиқларини оригинал ижрочисига айланган эдилар. Бугун акам ҳақидаги ўчмас хотираларни “Юрак бўронлари” китобига жамлаб, бизга, қолаверса келажак авлодга ўқиб, қийинчиликларни енгиб яшашга ёрдам берадиган асар сифатида бизга армуғон этган А.Жураевга оиламиз номидан миннатдорлик билдираман”.

 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист А.Жўраев Б.Зокиров билан бўлган илк учрашувини эслаб, қуйидагиларни сўзлаб берди: “Ботир ака билан бўлган учрашув менинг ҳаётимни ўзгартириб юборди, улар билан қурган суҳбатимиз ниҳоятда самимий ва дўстона эди. Ҳалигача мен улардаги матонат, очиқкўнгиллилек, ҳамиша ёрдам беришга тайёр ва меҳнатсеварлик хислатларини ўзимда ўзлаштиришга ҳаракат қилиб келяпман. Ботир ака китоб ўқишни жуда ҳам севар эдилар. Уларнинг китоб жавонларида Чўлпон, А.Қодирий, Ғ.Ғулом асарлари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари ҳам ўрин олган эди”

Филология фанлари доктори Ҳ.Болтабоев китобнинг айни дамда долзарблиги, у ўзида нафақат хотиралар, балки роман-эссега лойиқ адабий жанр йўналишлари билан бойитилганини таъкидлаб ўтди. “Китобда Ботир Зокировнинг болалигидаги дўстлари, адиблару журналистлар,  артистлару рассомлар,  драматурглару режиссёрлар,    қолаверса санъаткорлару оила аъзоларининг хотиралари ҳамда ўзининг тутган кундалигидаги сатрлар, монологлар ва муаллиф билан бўлиб ўтган сўнгги суҳбати ўрин олгани таҳсинга лойиқ” – деди профессор.

 

Шунингдек тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Г.Зокирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Ф.Янов-Яновский, филология фанлари номзоди М.Қўчқоровалар сўзга чиқиб, Зокировлар сулоласи асосчилари опера баритон куйчиси Карим Зокиров ва халқ қўшиқлари ижрочиси Шоҳиста Саидоваларнинг опера ва эстрада йўналишидаги мусиқа санъатининг шаклланиши ва шу сулола давомчиларининг Ўзбекистонда театр ва эстрада санъати ривожланишига қўшиб келаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар.

 

Тадбир қатнашчилари машҳур хонанда Ботир Зокиров ҳаёти бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ