Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  санъатшунослик фанлари доктори, профессор Олтиной Тожибоеванинг “Эпос ва театр” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  санъатшунослик фанлари доктори, профессор Олтиной Тожибоеванинг “Эпос ва театр” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
19.04.2017

2017 йил 19 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  санъатшунослик фанлари доктори, профессор Олтиной Тожибоеванинг “Эпос ва театр” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда санъатшунос, театршунос олимлар, режиссёрлар, театр актёрлари, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати раҳбари Ш.Раҳимова ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, халқимиз ўтмиши ва тарихий шахсларимизнинг ҳаёти ҳамда фаолияти билан таништирувчи китобларнинг ёшлар тарбиясида тутган ўрни борасида ўз фикрларини билдирди ва муаллифни янги китоб билан қутлади.

Тадбирни олиб борувчи санъатшунослик фанлари доктори О.Иброҳимов:“Санъатшунослик фанлари доктори О.Тожибоеванинг “Эпос ва театр” номли китобида оғзаки ижодда шаклланган ва замонавий адабиётда сайқалланган театрда саҳналаштирилган халқ эпик достонлари ўрганилди. Китобда эпик намуналар ўзининг архитектоникаси билан драма ва театр санъатига яқинлиги борасида аниқ таҳлилий мулоҳазалар берилган” –  дея ўз фикрини баён этди.

Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов санъатшунос олима О.Тожибоеванинг ҳозирги кунда Ўзбекистонда театр соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўзлар экан, жумладан шундай деди: “У ўз китобида халқ ижодиёти намуналари билан бир қаторда унинг манбалари, ижрочилик ва ижодкорликнинг ўзига хос жиҳатлари, европача усулдаги миллий театр воситаларини таҳлилий материаллар асосида кўрсатиб берган. Ушбу китобда халқ эпоси азалдан театр санъати учун ҳаётбахш сарчашма бўлиб келганлиги, унинг театр саҳнасига таъсири ўрганилиб, халқ бадиий ижрочилиги ҳамда оғзаки эпик достонларнинг театр захиралари илмий баҳоланган”. Бундан ташқари М.Азизов олиманинг Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри билан доимий ҳамкорликда эканлигини таъкидлаб, О.Тожибоева талқини асосида саҳналаштирилаётган халқ достонлари билан таништирди.

Санъатшунослик фанлари доктори И.Мухтаров О.Тожибоеванинг китобда халқ достонларининг инсон тақдири ва ҳаёт мазмунига айланиб бориши, театр санъати эволюциясининг ҳар бир босқичида эпик ижодиётнинг роли ва функциясини ўрганиш бўйича чуқур илмий изланиш олиб борганлигини эътироф этди. Жумладан У: “Олтиной томонидан халқ эпосида театр унсурлари масаласи кенг таҳлил қилинган. Эпоснинг композицион структураси логос ва мелос муносабатларига бориб тақалиши илмий фактлар орқали кўрсатилган” – деди.

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор М.Тўлахўжаева: “Эпос ва театр” китобида ёзма ёдгорликлар ва мумтоз адабиётга асосланган саҳна асарлари ҳақида сўз боради. Монографияда эпос ва театр муносабатларини ўрганишда икки йўналиш – саҳна достончилиги ва саҳна қиссахонлиги масаласи тадқиқ этилган” – деди ва “Эпос ва театр” номли илмий-назарий китоб театршунослик соҳасида муҳим манба бўлиб хизмат қилишига, навқирон авлоднинг соҳага кириб келишларида зарур қўлланма вазифасини ўташига умид билдирди.

Тадбир давомида  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий драма театри актёрлари Р.Иброҳимов, Д.Абдуалиевалар режиссёр М. Азизов саҳналаштирган “Лайли ва Мажнун” мусиқали драмасидан, О.Йўлдошев, З.Умерова ва Д.Узоқовлар эса, режиссёр А.Фармонов саҳналаштирган “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмасидан парча ижро этдилар.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва муаллифни янги китоб билан қутладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ