Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Нурали Қобулнинг “Соҳибқирон” тарихий эпопеяси тақдимоти

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Нурали Қобулнинг “Соҳибқирон” тарихий эпопеяси тақдимоти
17.04.2017

2017 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёзувчи Нурали Қобулнинг “Соҳибқирон” тарихий эпопеяси тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, тарихчилар ва адабиётшунос олимлар ҳамда кутубхона фойдаланувчилари иштирок этадилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти бош муҳаррири, шоир Ш.Қурбон мамлакатимизда мутолаа маданиятини шаклларнтиришда китоб тақдимотларининг аҳамияти ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади. “Китоб тақдимотларининг ўтказилишидан мақсад - ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ижодкорлар, таржимонлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, шу билан бирга юқори савиядаги ноширлик ва матбаа ижросини таъминлашга кўмаклашишдир. Бугун тақдимоти бўлаётган ёзувчи Нурали Қобулнинг “Соҳибқирон” тарихий эпопеяси ўзбек насрида ўзига хос янгилик яратди. У бизни Соҳибқирон Амир Темур ва унинг даври, жаҳонгирнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништиради”, -деди Ш.Қурбон.

 

Адабиётшунос олим И.Ғофуров тақдимот қатнашчиларини Темур ва темурийлар сулоласи ҳаёти мисолида ўзбек халқининг тарихи билан таништирувчи асарни мутолаа қилиш имконияти пайдо бўлгани билан қутлади ва асар муаллифи, ёзувчи Н.Қобулнинг  ижодий фаолияти билан таништирди. “Нурали Қобул 1974 Фарғона Давлат университетини тарих факультетини тамомлаган. «Ойқор», «Салом тоғлар», «Одам, Ойқортоғ ва Дайди шамол хакида эртак», «Тубсиз осмон», «Каптарлар қайтмаган тун», «Яшаш учун кечикма», «Унутилган соҳиллар», «Оқ каптарлар», «Буғдой пишиғига етмаганлар», «Сен ватансан, мухаббат», «Ватандан яхши ёр ўлмас» ва бошқа асарлари нашр этилган. У Г.Маркеснинг «Танҳоликнинг юз йили» романини, Ч.Айтматовнинг «Болалигим» асарини ўзбек тилига таржима қилган серқирра ижодкордир”, - дея эътироф этди И.Ғофуров.

 

Тарихчи олим, профессор А.Ахмедов Н.Қобулнинг Соҳибқирон Амир Темурни оддий турк жанговори даражасидан хоқонлик мартабасига юксалиш йўлидаги тинимсиз ғайрати, Ватан ва миллати, дини равнақи учун курашларини қизиқарли воқеалар орқали кўрсатиб берганинини алоҳида эътироф этди. “Китобхонлар Нурали Қобулнинг мазкур эпопеяга кирган асарларида буюк Соҳибқирон, Чингизхон ва бошқа тарихий шахсларнинг зиддиятли, ғам-андуҳлар, қувончларга тўла ҳаёти билан танишадилар. Муаллиф тасаввур қудрати орқали тарихий фактлар, аниқ далиллар асосида иш тутиб тарихий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантириб, ҳар бир образнинг ўзига хос жиҳатини ифодалай олган”, - деди у.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Т.Қаҳҳор эса ёзувчининг услуби ва асарлар кетма-кетлиги ҳақида: “Мазкур тарихий эпопея ҳозирги кунда нашрдан чиққан ва китобхонлар жавонидан ўрин олган “Буюк Турон амири ёҳуд ақл ва қилич”, “Етти иқлим хоқони ёҳуд аҳд ва тахт”, “Султоннинг сўнгги куни ёҳуд Амир Соҳибқирон ва Тўхтамишхон”, “Чингизхоннинг олтин тахти”, “Жаҳон мулкининг султони ёҳуд Фотиҳ Темур ва Йилдирим Боязид”, “Жон ва шон талвасаси”  асарларидан, нашр этилиши режалаштирилаётган “Тириклик саодати”, “Қадарнинг ғариб жилваси”, “Қисмат қиличи”, “Салтанат тулпори”, “Шаҳодат шарбати”, “Аросат ва фаросат” асарларини ўз ичига олган. Ёзувчининг ижодида алоҳида ўрин тутган бу йўналишнинг ривож топиб бойиб боришига ишонамиз”, деди.

 

Таниқли режиссёр Ҳ.Қаҳрамон “Соҳибқирон” тарихий эпопеяси муаллифининг тарихчи ва тилшунос эканини эътироф этиб, асарнинг сюжетлари яхлитлигини баҳолаб, асар асосида фильм яратиш таклифини илгари сурди.

Шоира Ф.Афруз ёзувчи асарларининг миллий оҳанги ва умуминсоний ғояси, персонажларининг ўзига хос тили ҳақида сўзлади. “Муаллиф эски туркий халқ сўзлардан, матал, мақол, ўхшатишлар ва халқ ибораларидан унумли фойдаланган. Китобнинг ўзига хос ютуғи шундаки, навбатдаги асарни ўқиган китобхон аввалги романда таниш бўлиб қолган қаҳрамонлар билан яна қайтадан учрашади ва воқеаларни реал тасаввур эта олади”.

Тадбир иштирокчилари муаллифнинг дасхати туширилган китоблар олдилар ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ