Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти, оператор, режиссёр Малик Қаюмов таваллудининг 105 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти, оператор, режиссёр Малик Қаюмов таваллудининг 105 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди
14.04.2017

2017 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси катта мажлислар залида Ўзбекистон халқ артисти, оператор, режиссёр Малик Қаюмов таваллудининг 105 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтади. Тадбирда санъатшунос олимлар, драматурглар режиссёрлар, операторлар, актёрлар олимлар, шоирлар, ёзувчилар ҳамда кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон иштирокчиларни қутлади ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларни мамлакатимизда илм-фан ва саноат, маданият ва санъат равнақига хиссасини қўшган  шахслар билан таништириш  мақсадида ташкил этилаётган учрашувлар, хотира кечалари ва кўргазмалар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек шоир ўзининг операторлик санъати дарғаси  М.Қаюмовга бағишлаб ёзган шеърини ўқиб берди.

Тадбир аввалида М.Қаюмовнинг хаёти ва ижодига бағишланган устоз санъаткорнинг иш жараёнлари, суратга олган фильмлари ва замондошлари хотиралари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Таниқли журналист Б.Бобоев тадбирни олиб борар экан, иштирокчиларни М.Қаюмовнинг меҳнат фаолияти билан таништирди. “Малик ака 1930—1932 йилларда Москва Давлат кинематография институтининг операторлик бўлимида таҳсил олиб қайтгач, 1932 йилдан Тошкент хроника киностудиясида оператор ва «Союзкинохроника»нинг Ўрта Осиё республикалари бўйича мухбири бўлиб фаолият кўрсата бошлаган. Уруш йилларида ҳужжатли фильмлар Марказий студиясининг ҳарбий кинооператори, 1946 йилдан Тошкент бадиий ва ҳужжатли-хроникал фильмлар студиясининг режиссёр оператори ва бадиий раҳбари бўлиб ишлай бошлади. 1961 йилдан эса Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясининг директори, кейинчалик бадиий раҳбари,  Ўзбекистон кинематография ходимлари уюшмасининг биринчи котиби вазифасида ишлаган”,-деди.

Тадбирда  Ўзбекистон давлат мукофотлари лауреати, сценарист, драматург, режиссёр Ж.Исхоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби З.Мусоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Т.Қаюмов, кинооператор, Тошкент ахборот технологиялари университети ўқитувчиси Б.Бозорбоев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги директори О.Мусаев, Ўзбекистон кинематографлар уюшмаси аъзоси Ў.Ризаев, журналист А.Ходжаевлар ўзбек кино санъатининг улкан намояндаси Малик Қаюмов меҳнат фаолияти хусусида ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар, уни ўзбек ҳужжатли киноси асосчиси, ўзбек кино санъатини нодир асарлар билан бойитганини, асарлари эса ўзбек халқининг тарихи, маданияти, фани ва санъатини жаҳонга танитганини эътироф этдилар.

“Унинг кўплаб фильмлари халқаро кинофестивалларда юксак баҳоланиб, соврин ва дипломларга сазовор бўлган. У суратга олган «Қудратли оқим», «Бизнинг Ўзбекистонга келинг», «Тинчлик ва дўстлик кинофестивали», «Инсониятнинг беш қўли», «Қирқ йил ва бир кун», «Баҳордан баҳоргача», «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат», «Тошкент тинчлик шаҳри», «Тошкент, зилзила», «Санъатга бағишланган умр», «Ўзбекистон санъати», «13 қалдирғоч», «Шарқда шундай сахий шахслар бор» каби ҳужжатли фильмлари ўзбек киносанъатининг улкан ютуғи ҳисобланади”, - деди Ўзбекистон давлат мукофотлари лауреати, сценарист, драматург, режиссёр Ж.Исхоқов.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ артисти, оператор, режиссёр М.Қаюмов таваллудининг 105  йиллигига бағишланган китоб-расмли кўргазма ташкил этилди. Унда М.Қаюмовнинг ҳаёти ва ижоди билан таништирувчи “Сен севган санъат”, “Жизнь моя - кинематограф”, “Кино асослари”, “Ўзбекистон маданияти намояндалари”, “Кино и художественная культура Узбекистана”, “Малик  Қаюмов” номли китоблари, “Театр” журналларидаги мақолалар ва ижодий жараённи муҳрлаб қолган фотосуратлар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ