Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида итальян рассоми Леонардо да Винчи таваллудининг 565 йиллигига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида итальян рассоми Леонардо да Винчи таваллудининг 565 йиллигига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди
15.04.2017

2017 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Ижод” ўқиш залида итальян рассоми, уйғониш даври олими Леонардо да Винчи (1452-1519) таваллудининг 565 йиллигига бағишланган “Тасвирий санъат табиат билан бахслашади ва мусобақалашади” китоб-расмли кўргазма очилди.

Жаҳон маданияти, санъати ва илм-фани тарихида Леонардо да Винчи (1452 – 1519) нафақат Уйғониш даврининг буюк рассоми, ҳайкалтароши, меъмори, балки истеъдодли ихтирочи муҳандис, математик, анатом сифатида ҳам ёрқин из қолдирган.

Итальян рассоми ва олими, ёзувчи, Уйғониш даври санъатининг ёрқин намояндаси Леонардо да Винчи 1452 йили Флоренция яқинидаги Винчи шаҳарчасида туғилган. У 14 ёшга тўлганда отаси уни Флоренсияга олиб келади ва Уйғониш даврининг кўпгина маърифатли кишилари қатори ҳар томонлама иқтидор соҳиби, ўз даврининг таниқли рассоми, ҳайкалтароши ва меъмори Андреа Вероккионинг бадиий устахонасига шогирдликка беради. Тез орада Леонардо нафақат тенгқурлари, балки устозини ҳам ортда қолдириб, моҳир рассом бўлиб етишади. У ёшлигидан бошлаб хотира дафтари тутиб, унда уйлар ва кўчалар, қир-адирлар ва боғлар, гуллар ва дарахтлар, гўзал қизларнинг юз тузилиши, юзини юваётган мушук, отнинг туёқлари, матонинг букламалари каби деталларни синчковлик ва сабот билан тасвирлаб борди. Ундан ўз ҳаёти давомида битилган 7 минг саҳифага яқин хотира дафтари қолган. Унинг қўлёзмалари орасида учиш аппаратлари, парашют, сув ости кемаси, автомат тўқув станоги каби ажойиб нарсаларнинг лойиҳаларини топдилар.

Леонардо да Винчи ҳаётининг охирги йилларида яратган энг машҳур асари «Мона Лиза» портретидир (бу асарни яна «Жоконда» деб ҳам аташади). Унда шаҳарлик бадавлат аёл бироз жилмайган, хаёлга чўмган, ғамгинроқ ҳолатда тасвирланган. Бу гўзал қиёфага қараб аёлнинг бой ва мураккаб ички дунёсини, унинг ўткир ақлини ҳис этиш мумкин.

Леонардо да Винчи чизган суратлар беқиёс жозибаси ва сирларга йўғрилганлиги билан шуҳрат топган. У яратган асарлардан унинг замондошлари ҳам, уларнинг авлодлари ҳам завқланишган. Буюк рассомнинг ўлмас асарлари ҳамон келажак авлодларга завқ бағишламоқда. Рассом ижодий меросини ўрганишга бўлган қизиқиш бугун ҳам сўнган эмас. Рассомнинг ҳеч бўлмаганда биргина асарини томоша қилиш учун кишилар соатлаб навбат кутишади.

Леонардо да Винчи таваллудининг 565 йиллигига бағишланган “Тасвирий санъат табиат билан бахслашади ва мусобақалашади” китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари буюк рассомнинг чизган суратлари, унинг ҳаёти, ижоди ва асарларига бағишланган китоблар билан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ