Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг маънавий жиҳатдан фойдали ва зарарли томонлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг маънавий жиҳатдан фойдали ва зарарли томонлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди
14.04.2017

2017 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг маънавий жиҳатдан фойдали ва зарарли томонлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинарда ижтимоий тармоқларда ўзини тутиш, шахсий ахборотни, жумладан шахсий фото ва видео файллар жойлаштиришда  нималарга эътибор  қаратиш, ахборотни химоя қилиш, бошқа шахсларга тегишли ахборотни тарқатишда нималарга эътибор қаратиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган  ахборотларнинг ишончилигини текшириш лозимлиги хақида фикрлар юритилди. Унда Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент архитектура-қурилиш институти талабалари иштирок этдилар.

Республика маънавият тарғибот маркази ахборот ҳавфсизлиги бўлими мутахассиси Х.Далиев талабалар билан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларнинг фойдали ва зарарли томонлари, ҳозирги кунда долзарб мавзу - ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш зарурлиги, уларнинг маънавий-маърифий тарбиясига зид тармоқларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ҳақида суҳбатлашдилар. У ёшлар билан шу каби суҳбатларни тез-тез ўтказиб туриш ва уларга ижтимоий тармоқлардаги нотўғри мулоқотнинг салбий таъсирини тушунтириб бериш кераклиги ҳақида сўзлади. Шунингдек, Х.Далиев семинар иштирокчиларига Республика маънавият тарғибот маркази томонидан тайёрланган тақдимот намойиш этди.

Ижтимоий тармоқларда мулоқотнинг салбий ва ижобий жиҳатлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирар экан, иштирокчилар бу саволга нисбатан бир тўхтамга келиш мумкин эмаслигини таъкидладилар. Ижтимоий тармоқларда мулоқотнинг ижобий томонлари сифатида қўйидагилар айтилди: дунёнинг турли бурчагидаги одамлар билан мулоқот қилиш, масофали таълим имкониятлари, ғоялар ва лойиҳалар алмашинуви, ҳамфикрлар билан топишиш имкониятлари, мулоқот доирасини кенгайтириш кабилар. Салбий томонлари деб эса қуйидагилар топилди: интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, ёшлар онгига салбий таъсир этаётган бузғунчи ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги маданиятсизликнинг салбий оқибатлари.

Тадбир иштирокчилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга танланган долзарб мавзу учун миннатдорчилик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ