Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Наврўзингдан айланай!” деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Наврўзингдан айланай!” деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди
17.03.2017

2017 йил 17 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Наврўзингдан айланай!” деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Кечада таниқли санъаткорлар ва Тошкент шаҳар колледжлари ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти бош муҳаррири Ш.Қурбон кутубхона меҳмонларини баҳор, ёшариш, янгиланиш ва нафосат байрами Наврўзи айём билан қутлади ва ёшларни маънавий камолотида китоблар ва кутубхоналарнинг ролини алоҳида эътироф этди. “Наврўз ўлкамиз бўйлаб кезмоқда, барчанинг юзида баҳорий кайфият, миллий таомларимиз дастурхонларни безамоқда, дошқозонларда сумалаклар қайнамоқда, бобо деҳқонлар чигит экиш тараддудида. Булар ҳаммаси биз шоир ва ёзувчиларни руҳлантирмай қолмайди”, деди у ва ўзининг баҳор айёмига аталга шеърини ўқиб берди.

Адабий-бадиий кечада хонандалар Муҳаммаджон Шокиров, Гулноза Боймирзаева, П.Ф.Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт ва Шайхонтоҳур туман Ўқув-даволаш колледжи ўқувчилари   ўзларининг баҳор, Наврўз ва Ватанни тараннум этувчи шеър, куй ва қўшиқларини тақдим этдилар.  В.А.Успенский номидаги Республика махсус мусиқий академик лицейи халқ чолғу ансамбли иштирокчилари эса ўзбек халқ қуй ва қўшиқларидан иборат дастур билан иштирок этдилар.

Байрамона руҳда ўтган адабий-бадиий кеча барчага баҳорий кайфият улашди ва катта таассурот уйғотди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ