Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллионларни мафтун этган футбол” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллионларни мафтун этган футбол” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
17.03.2017

2017 йил 17 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Истиқбол” ўқув залида ўзбек футболига бағишланган “Миллионларни мафтун этган футбол” деб номланган  китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада дунёдаги энг оммабоп спорт тури - футбол тарихи, кечаси ва бугуни ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, футбол майдонидаги қизиқарли лаҳзаларни муҳрлаган фото суратлар тақдим этилган.

18 март Ўзбекистонда миллий футбол куни сифатида нишонланади. Мазкур санага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 18 мартдаги 144-сонли “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори замин яратди ва Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ташкилий асосларини ва принципларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди. Унга асосан Ўзбекистонда кўплаб футбол мактаблари, махсус спорт мактаб-интернатлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари очилди, Ўзбекистонда футболни ривождантириш мақсадида улкан ишлар амалга оширилди.   

Ўзбекистонда футболни ривожлантириш мавзусига бағишланган “Миллионларни мафтун этган футбол” деб номланган  китоб-расмли кўргазмада машхур футбол тарихи, футбол жамоалари, маҳоратли футболчилар, футбол ўйнаш техникаси билан таништирувчи китоблар намойиш этилган. Агар “Энциклопедия футбола”, “Ўсмирлар энциклопедияси” (“Энциклопедия для юношества”), “Болалар энциклопедияси”, “Футбол бўйича жаҳон чемпионатларининг тарихи” (“История чемпионатов мира по футболу”) китоблари футбол тарихи, илк футбол жамоалари ва ўйинлари ҳақида ҳикоя қилса “Спорт ўйинлари – футбол” (“Спортивные игры – футбол”), “Футбол”, “Футбол ўйинини ўрганиш” (“Изучение игры в футбол”), “Ёш футболчиларни танлаб олиш ва тайёрлаш” (“Отбор и подготовка молодых футболистов”), “Футбол маҳорати сари” (“Стремление к профессионализму футбола”), “Футбол - жиддий ўйин” (“Футбол – игра серьёзная”) китоблари китобхонларни футбол ўйинининг қоидалари, техникаси ва моҳир футбол ўйинчиси эгаллаши керак бўлган кўникмалар билан танишадилар. “Ўзбек футболи. Ака-ука Анлар”, “Пахтакор -79. Ёдимиздасиз, хотирлаймиз, фахрланамиз” (“Пахтакор-79. Помним, чтим, гордимся”), “Футбол-қувончим, дардим, фахрим” (“Футбол – моя радость, боль, гордость”), “Футбол-1999” хотира-китобларида таниқли спорт шархловчиларининг, футбол ҳакамларининг, футболчи ва футбол ишқибозларининг ўзбек ва жаҳон футболида ёрқин из қолдирган машҳур спорт шархловчилари, ҳакамлар ва футболчилар ҳақидаги хотиралари мужассам. “Мафтунингман, футбол”, “Равшан Эрматов. Энг кучли рефери”, “Футбол қироли” ва “Футбол ва бошқалар” китоблари ҳозирги кундаги моҳир ўзбек футболчилари, тренерлари ва ҳакамларининг касбий фаолияти, маҳорати ва инсонийлик хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ