Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қадаминга ҳасанот Наврўз” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қадаминга ҳасанот Наврўз” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
16.03.2017

2017 йил 16 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида умумхалқ байрами - Наврўзга бағишланган ва мазкур айём билан боғлиқ миллий удумлар ва урф-одатлар билан таништирувчи “Китобларда Наврўз” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада Наврўз миллий байрамининг ўзига хослиги ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, журналлар, рисолалар ҳамда фотосуратлар тақдим этилган.

Наврўз байрами жуда қадимий байрам саналади. Тарихчиларнинг фикрича, бу байрамнинг тарихи қарийб 3 минг йилдан зиёд. Наврўз асосан баҳорий тенгкунликда нишонланади. Наврўз - табиат уйғониши рамзи, янгиланиш, яшариш фасли, бу кунда қайта тикланиб, янгича тус олган халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналаримиз, турфа маросимлар ўтказилади. Шу тариқа миллий меросларимиз авлодлар қалбига сингиб боради. Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотувчи ҳақиқий шарқона байрам сифатида нишонланади. Мустақиллик йилларида Наврўз айёми умумхалқ байрами сифатида тан олинди. 2009 йилда Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 март кунини Халқаро Навруз куни деб эълон қилди ва барча мамлакатларни мазкур қадимий байрамни дунёда кенг тарағиб этишга чақирди.

“Китобларда Наврўз” деб номланган китоб-расмли кўргазмада Наврўз миллий байрамининг қадим тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни, униг ўзига хослиги ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, журналлар ва рисолалар тақдим этилган. Кўргазмадан жой олган расмларда табиатнинг уйғониши, баҳорнинг фаслининг келиши, байрам тантаналари, халқ сайллари, байрам тоамлари тайёрланиш жараёни, халқ мусобақалари ва бшқ. муҳрланган.

“Наврўзнома”, “Наврўз”, “Наврўз дастурхони” китоблари кўргазмага ташриф буюрувчиларга байрам тарихи ва асл Наврўз таомлари ҳақида ҳикоя қилса, “Ўзбек удумлари”, “Ўзбекистон байрамлари”, “Наврўз тарихидан лавҳалар”, “Наврўз нақли”, “Баҳор байрамлари. Наврўз ҳикматлари. Наврўз дастурхони”, “Наврўз ҳафтаномаси”, “Наврўз ва табиат сирлари” ва “Байраларимиз” китоблари миллий қадриятларимиз ва ўзбек халқининг ижтимоий тараққиёти, халқ байрамларининг маънавий аҳамияти  ва Наврўз хикматлари билан таништиради. Шунингдек кўргазмада Наврўз ҳақида шеърий тўпламлар, байрам сценарийлари ва репортажлар ўрин олган.

Наврўз айёми муносабати билан тақдим этилган “Китобларда Наврўз” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар байрам тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлдилар ва Наврўз байрами тўғрисида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мавжуд расмларга, тарихий ва энциклопедик маълумотларга бой ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги китоблар билан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ