Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Машриқзамин аллома” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Машриқзамин аллома” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
15.03.2017

2017 йил 15 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, шарқшунос, филология фанлари доктори Исматилла Абдуллаев таваллудининг 90 йиллиги  муносабати билан “Машриқзамин аллома” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда адабиётшунос, тилшунос олимлар, тарихчилар, ёзувчилар, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ахборот-кутубхона фондларини комплектлаш хизмати раҳбари Н.Холдорова, тадбир ташкилотчиларини қутлар экан, ёшларнинг маънавий тарбиясида, уларни баркамол инсон этиб тарбиялашда, уларда китоб мутолаасига қизиқиш уйғотишда, аҳолининг ахборот маданиятини оширишда кутубхоналарнинг роли тўғрисида сўзлади. Шунингдек, тарихшунос олим Исматилла Абдуллаев илмий фаолиятини ўрганишнинг муҳим жиҳатларини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда тарих фанлари номзоди О.Қориев шарқшунос, манбашунос олим Исматулла Абдуллаевнинг илмий фаолияти тўғрисида қўйидагиларни сўзлади: “Исматулла Абдуллаев Наманган вилоятида туғилган,  1944 йилда Наманган ўқитувчилар институтини, 1951 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетини тамомлаган. Дастлаб Наманган педагогика институтида ўқитувчи, сўнг Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим, етакчи илмий ходим, Наманган  давлат университетида кафедра мудири бўлиб ишлаган. Унинг илмий фаолияти Мовароуннаҳр ва Хуросон шоирларининг араб тилидаги X-XI аср бошларидаги шеъриятига бағишланган”, деди.

Тадбирда, шунингдек, академик Аҳмадали Асқаров, тарих фанлари доктори, профессор Д.Юсупова, Шарқ қўлёзмалари маркази илмий тадқиқотчиси Н.Жабборовлар сўзга чиқдилар. Улар Исматулла Абдуллаевнинг фазилатлари,  араб ёзувчилари (Абдураҳмон ал-Ҳамисий, Абдураҳмон  аш Шарқовий, Усом ибн Мунқиза ва бошқалар)нинг бадиий ва илмий  асарларини араб тилидан  ўзбек тилига таржима қилганлиги, унинг шарқшунослик фанига қўшган ҳиссаси ва шу соҳада ёшларга берган сабоқлари тўғрисида сўзладилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, шарқшунос, филология фанлари доктори Исматилла Абдуллаев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан таништирувчи китоблар, илмий асарлар, рисолалар ва газета мақолалари тақдим этилган.

Тадбир иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ