Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари қўшма йиғилишининг китобхонлик ва мутолаа маданияти мавзусида йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари қўшма йиғилишининг китобхонлик ва мутолаа маданияти мавзусида йиғилиши бўлиб ўтди
15.03.2017

2017 йил 15 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир “Китоб - юксак маънавият манбаи” шиори остида ташкил этилган бўлиб, ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини оширишга, аҳолининг китобхонлик маданиятини янада ошириш масаласига қаратилди. Унда депутатлар, соҳа мутассадилари, мактаб, коллеж ва академик лицейлар ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори вазифасини бажарувчиси У.Тешабаева Ўзбекистондаги ахборот-кутубхона муассасалари ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан таништирувчи маъруза билан иштирок этди. У.Тешабаева ўз маърузасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятига алоҳида тўхталиб, ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида Қонунни қабул қилиниши ва унинг аҳамияти, Мустақиллик йилларида ахборот-кутубхона соҳасида рўй бераётган ислоҳатлар, соҳа ривожи ва янада тараққиётига хизмат қилувчи қонуности ҳужжатларнинг мақсади ва вазифалари ҳақида тўхталди. Шунингдек У.Тешабаева китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш борасида республика ахборот-кутубхона муассасаларида, ҳусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан таништирди ва кутубхона мутахассислари томонидан китобхонлар учун тайёрланган О.Ёқубовнинг “Улуғбек ҳазинаси” асарига ишланган буктрейлерни тақдим этди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент шаҳар ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Иноятов, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Мамажонов, Республика Маънавият тарғибот марказининг Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчиси Б.Хаитматов ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар Кенгаши раиси А.Жумабоевлар сўзга чиқиб, тизимлари тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасаларида “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Улар муассасаларнинг моддий техник базаси, у ерда ташкил этилаётган маънавий тадбирлар, кўчма китоб ярмаркалари, акциялар ва лойиҳалар билан таништирдилар.

Тадбир иштирокчилари маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар ва батафсил жавоблар олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ