Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий жамоаси томонидан чиқарилган янги нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий жамоаси томонидан чиқарилган янги нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди
17.02.2017

2017 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий жамоаси томонидан чиқарилган янги нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда тарихчи, адабиётшунос ва санъатшунос олимлар, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ходимлари, илмий тадқиқотчилар, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар. Тақдимотда таниқли ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримовнинг “Жадид театри” ва театршунос Бахром Ирзаевнинг “Туркистон жадидлар “Кўмак” ташкилоти” ва “Жадид маърифатпарварлик ҳаракатининг ғоявий асослари” деб номланган китоблари китобхоналр оммасига тақдим этилди.

 

Туркистон ўлкаси XIX аср охири – ХХ аср бошларида мустамлакачилик сиёсати оқибатида сиёсий, маданий, иқтисодий таназзулга юз тутди. Ўлканинг илғор зиёлилари чоризм истибдодидан қутулиш, миллатни уйғотиш, нафақат иқтисодий, балки маънавий-маърифий тараққиёт сари йўл очиш, халққа зиё тарқатиш мақсадида маърифатпарварлик ҳаракатига асос солдилар. Бу ҳаракат натижасида Туркистонда янги уйғониш даври бошланди.

 

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари доктори Б.Хасанов тадбирда сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида жадид-маърифатпарварлик ҳаракатининг йирик намояндалари М.Беҳбудий, М.Абдурашидхонов, А.Авлоний, Ҳожи Муъин, Фитрат, Чўлпон ва бошқаларнинг фаолияти, уларнинг илмий ва адабий меросини ўрганиш бўйича амалга оширилган ишлар ва илмий тадқиқотлар тўғрисида сўзлади. “Шунга қарамасдан жадид тараққийпарварларининг илмий, ижодий меросини изчил ўрганиш ва натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий ходимлари томонидан “Туркистонлик жадидларнинг янги тафаккур ва маънавиятга қўшган ҳиссаси (1900-1930 йй.) мультимедиали ўқув дастури” мавзуидаги илмий-амалий Давлат дастури амалга оширилмоқда”, деди. Шунингдек, у ёзувчи ва олим, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримовнинг “Жадид театри” рисоласи ҳақида “Мазкур рисола XX асрнинг биринчи чорагида ўзбек халқининг миллий уйғониши ва юксалишида муҳим роль ўйнаган жадид театрининг ташкил топиши ва ривожланиши муаммоларига бағишланади”, деди ва рисоладан айрим сатрларни ўқиб барчада кенг тушунча ҳосил қилди.

 

Филология фанлари доктори, профессор Н.Каримов эса М.Зикруллаевнинг “Тараққиёт ва ҳуррият ишқида” рисоласи ҳақидаги фикрларини баён қилар экан, “Рисола XX асрнинг бошларида “Ал-Изоҳ” журналида эълон қилинган ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий мавзулардаги шеърлардан тузилган. Унинг муҳим томони шунда-ки, унда шу вақтгача Туркистон тараққиётининг душманлари сифатида талқин этилган уламоларнинг шеърий ижоди ва уларнинг илм фан, ҳуррият борасидаги фикрлари ўз аксини топган”, деди ... ва мазкур рисоладан намуналар ўқиб берди.

Филология фанлари доктори, профессор Б.Каримов “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи катта илмий ходими Б.Ирзаевнинг “Туркистон жадидларининг “КЎМАК” ташкилоти” рисоласи ҳақида гапирар экан, рисолада “КЎМАК” уюшмасининг тузилиши ва унинг Туркистон ёшларини чет элларда таълим олиши билан боғлиқ тадбирлар ўз аксини топганлигини, шунингдек, “Кўмак” ташкилоти фаолияти акс этган Туркистон вақтли матбуотидаги мақолалар, чет элларда, хусусан, Германияда таҳсил олган талабаларнинг Туркистон матбуотидаги чиқишлари, уларнинг бадиий ижодидан намуналар ҳамда туркистонлик талабаларнинг 1922 йилда Берлинда нашр этган “КЎМАК” журнали ҳақида айтиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ