Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Саҳна қонуни, бу...” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Саҳна қонуни, бу...” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
10.01.2017

2017 йил 10 январь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ижод” залида Ўзбекистон халқ артисти, театр актёри  Рихси Авазов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан “Саҳна қонуни, бу...” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада актёрнинг ҳаёти ва ижоди билан таништирувчи адабиётлар тақдим этилган.  

Рихси Авазов 1942 йил 10 январь куни  Жанубий Қозоғистон вилоятида таваллуд топган. 1965 йилда Тошкент давлат театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1965 йилдан Ҳамза театрида актёр бўлиб ўз фаолиятини бошлаган. Унинг саҳнадаги илк образи  “Насриддиннинг саргузаштлари” спектаклидаги Азимзода роли барчага манзур бўлган. У 2000 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган.  Рихси Авазов театрда Амирхон (Уйғун, “Зебунисо”), Нодиршоҳ (Фитрат, “Абдулфайзхон”), Абдулмалик (Уйғун, Иззат Султон, “Алишер Навоий”), Дарвеш Али (О. Ёқубов, “Бир кошона сири”) каби унутилмас образлар яратган. Шунингдек, “Алишер Навоий” (Ғиёсиддин), “Юлдузли тунлар” (Аҳмад Танбал) каби видеофильмларда, “Кун ва тун” (Бобур) телеспектаклида, “Касалхона” (академик Йўлдошев) фильмида ҳам роллар ижро этган. Унинг саҳнада ўйнаган роллари ўзига хос кучли эмоционаллиги, етук ва тўлақонли талқин этилганлиги билан ажралиб туради. У ҳар бир яратган образининг ижтимоий моҳиятини очишга, унга мос мимик ифодалар, ҳаракатлар, оҳанглар топишга ҳаракат қилган актёрлардан биридир.

Ўзбекистон халқ артисти, театр актёри  Рихси Авазов таваллудининг  75 йиллиги муносабати билан “Саҳна қонуни, бу...” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар “Миллий театримиз намояндалари”, “Ўзбек санъаткорлари”, “Саҳна ва замон”, “Саҳна маънавияти” ва “Актёрнинг ўз устида ишлаши” деб номланган китоблар ва “Кино”, “Жаннатмакон” журналларида чоп этилган мақолалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ