Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қиш эртаги қаҳрамонлари” мавзусида расмлар танлови бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қиш эртаги қаҳрамонлари” мавзусида расмлар танлови бўлиб ўтди
29.12.2016

2016 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қиш эртаги қаҳрамонлари” мавзусида расмлар танлови бўлиб ўтди. Танлов “SANVIKT” ногирон болалар бадиий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда марказ тарбияланувчилари ва расмларида ўз Янги йил кайфиятини ифодалаш истагида бўлган болалар иштирок этдилар.

“SANVIKT” бадиий маркази директори таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Г.Раджапова марказ фаолияти ва у ерда ташкил этиладиган тадбирлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди: “SANVIKT” бадиий маркази 1999 йилда ташкил топган бўлиб, “Эзгулик қилишга шошилинг” шиори остида фаолият юритади. Марказ жисмоний имкониятлари чекланган болаларнинг бадиий кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган. Биз болалар ўзларига ишонишлари, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли ва мустақил аъзолари сифатида ҳис этишларини истаймиз. Гарчи бизнинг марказимизга беш ёшдан ўн беш ёшгача бўлган болалар келса ҳам, улар ёшлари ўртасидаги тўсиқни кўрмайдилар. Биргаликда ўрганадилар, биргаликда байрамларни нишонлайдилар ва марказ шаънини турли республика ва халқаро танловларда ҳимоя қилаётганлар билан биргаликда ҳаяжонланадилар. Марказ тарбияланувчилари орасида ёш рассомлар ва ҳайкалтарошлар халқаро танловлари ғолиблари ҳамда давлат стипендиялари совриндорлари бор”.

“Қиш эртаги қаҳрамонлари” мавзусида расмлар танловида болалар ўз рассомчилик малакаларини намойиш этишди ва ўз расмларини кумуш қиш, Янги йил эртак қаҳрамонлари ва сеҳрли қиш байрамининг мафтункорлигига бағишладилар. Ўз эртагини яратар экан, улар барчанинг севимли бийрами, Янги йил ҳақидаги тасаввурлари билан ўртоқлашдилар.

Алёна Ким, Виктория Евтеева ва Ширин Нажмитдиновалар “Қиш эртаги қаҳрамонлари” мавзусида расмлар танлови ғолиблари деб топилди. Танловнинг барча иштирокчилари Мақтов ёрлиқлари билан, ғолиблар эса Ўзбекистон Миллий кутубхонаси совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ