Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Корейс ёзувчиси Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Корейс ёзувчиси Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди
20.12.2016

2016 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Жанубий Кореянинг машҳур ва мумтоз ёзувчиси Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон  Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тақдимот маросимида ўзбек шарқшунослари – ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, корейс тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент Давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчилари ва корейс тили йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалари, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Корейс маданият маркази, Корейс таълим маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева мамлакатимизда мутолаа маданиятини шакллантиришда китоб тақдимотларининг аҳамияти, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Корея Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлади. “Китоб тақдимотларининг ўтказилишидан мақсад - ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ижодкорлар, таржимонлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, шу билан бирга юқори савиядаги ноширлик ва матбаа ижросини таъминлашга кўмаклашишдир. Бугун тақдимоти бўлаётган корейс ёзувчиси Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” номли китоби кутубхонамизда мавжуд корейс адабиёти хазинасига қўшилган бир томчи бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Корея Республикаси мутахассислари билан биргаликда келажакда мамлакатимиздаги 120 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасаларини бирлаштиришга имконият яратадиган катта лойиҳани амалга оширяпти. Ундан ташқари бизда “Кореяга нигоҳ” деб номланган ўқиш зали фаолият юритиб келмоқда”, деди У.Тешабаева.

Тўпламни нашр этиш ташаббускори – таниқли ҳуқуқшунос олим А.Саидов масъул муҳаррир ҳамда сўзбоши муаллифи сифатида нафақат Ли Мун Ёлнинг ҳаёти ва ижоди, балки Жанубий Кореянинг қадимий ва ҳозирча нотаниш замонавий адабиёти билан китобхонни яқиндан таништириш мақсадида қизиқарли маьлумотларни тақдим этганини айтиб ўтди. “Мазкур тўпламдан Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” номли асари ўрин олгани муҳимдир. Бу қиссада ҳақиқий инсоний қадриятлар фалсафаси асар қаҳрамони ҳисобланмиш таниқли рассом ва ҳаттот Ко Чжук тақдири орқали мажозий ифодасини топган. Шогирдлик пайтидаёқ унинг иқтидори маълум бўлади. Устози унга ижодда юксак руҳ ҳис этилмаса, тасвирлар шунчаки бўёқлардангина иборат бўлишини уқтирган. Ко Чжук дунё таниган рассом даражасига кўтарилган бўлса ҳам, фақат умрининг сўнгги кунлари ўзида ўша юксак руҳни туймаганлигини, эришган шуҳратининг ўткинчи эканини фаҳмлаб етади. У турли ўлкаларга тарқалиб кетган машҳур асарларига ўзи ўт қўйганида, аланга учқунларида бутун ҳаёти давомида кўринишни орзулаган ўша юксак руҳ рамзи – олтин қанотли қуш гавдаланади”.

Ўзбекистондаги Корейс элчихонаси консули Че Джонг Хо ўз нутқида нафақат иқтисодий соҳада, балки маданий алоқаларда ҳам мустахкамланиб бораётган ўзбек-корейс муносабатларини эътироф этди. “Буниниг тасдиғи сифатида Ўзбекистон ва корея Миллий кутубхоналари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик, бу ерда ўтказилаётган ҳамкорликдаги тадбирлар”, деди ва Ли Мун Ёлнинг ёзувчи сифатида шаклланишига сабаб бўлган омиллар, унинг нотекис ижоди ва ҳаёт йўли билан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Б.Назаров ўзбек ва корейс халқлари маданиятларининг ўхшашлик ва ўзига хослик томонлари, иккала халқда ҳам ҳаттотликнинг санъат даражасида улуғланганлиги ва китобдаги кўп ғояларнинг ўзбек миллийлиги билан ҳамоҳанглиги ҳақида сўзлади.

Жонли мулоқот ва мунозараларга бой тарзда ўтган тақдимот маросимида кореяликлар ижодиётининг мамлакатимизда ўрганилиши, таржима сифати ва мазмунини янада такомиллаштириш, ёшларнинг китобсеварлик руҳида тарбия топишида адиб асарларининг ўрни борасида фикрлар алмашилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ