Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кутубхона раҳбарияти билан “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кутубхона раҳбарияти билан “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди
16.12.2016

2016 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси кичик мажлислар залида кутубхона раҳбарияти билан фойдаланувчилар ўртасида йил якунларига бағишланган “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди. Мулоқот Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унгда барча хизмат раҳбарлари, кутубхона фойдаланувчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – фойдаланувчиларни кутубхона иши, бу ердаги мавжуд шароитлар, хизмат турлари ва 2016 йилда ўтказилган тадбирлар билан таништириш, фойдаланувчиларнинг кутубхона ҳақидаги фикр-ва мулоҳазаларини тинглаш, уларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 2017 йилги истиқбол режаларини аниқлаб олиш.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори кутубхона фаолияти билан боғлиқ 2016 йилдаги маълумотларни келтирди, эришилган ютуқларни эътироф этди, мамлакатимизнинг кутубхоначилик соҳасига доир эълон қилинган қонунчилик ҳужжатлари, уларда кўзланган мақсадлар билан таништирди. «Ҳисобот даврида Миллий кутубхона жами 323 та маънавий-маърифий тадбирларни ўтказди. Булар турли мавзуларга оид кўргазмалар, расмлар ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ва ижтимоий-маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар. 2016 йилда кутубхонага 701мингдан зиёд ташрифлар амалга оширилган, 5 миллиондан зиёд нусхада  китоблар берилган. 226та ташкилотдан келган 8767та иштирокчи учун кутубхона бўйлаб таништирув экскурсиялари ташкил этилган”. Шунингдек А.Ходжаев кутубхонанинг амалдаги ва режалаштираётган лойҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.

Очиқ мулоқот доирасида кутубхона биносининг қурилишига, интернет орқали илмий диссертацияларни олиш имконияти,  фойдаланувчилар учун қўшимча жойлар яратиш, хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини яхшилаш, чет тиллар ўқитиш қўшимча гуруҳларини очиш ҳусусида саволлар билан мурожаат қилдилар ва ўз таклифларини киритдилар. Шунингдек фойдаланувчиларга мазкур масалалар бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Кутубхона директори фойдаланувчиларнинг хайрихохлиги ва кутубхона фаолиятига бефарқ эмаслиги ва уларнинг кутубхона билан фаол ҳамкорлик қилаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот қатнашчилари шу каби учрашувларни ташкил этилиши кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатишда юзага келадиган баъзи муаммоларни ҳал этишда, кутубхона фаолияти ва ўзаро ҳамкорликда самара беришига амин бўлдилар. Қатнашчилар ўзлари томонидан берилган саволларига батафсил ва тўлақонли жавоблар олдилар, баъзи масалаларни ҳал этиш бўйича ўз таклифларини киритдилар.

Тадбир доирасида “Энг фаол фойдаланувчи-2016” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда кутубхона фойдаланувчилари орасида энг кўп  ташриф буюрган, китобларга, диссертацияларга, газета ва журналларга буюртма берганлар сони сарҳисоб этилди, шунингдек ўзининг ташаббускорлиги ва фаоллиги билан алохида ажралган фойдаланувчилар ҳам алоҳида баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра Санжар Сатторов “Энг кўп ташриф буюрган фойдаланувчи”, Каримов Басириддин “Китобларга энг кўп буюртма берган фойдаланувчи”, Эшниязова Айимхан “Илмий ишларга энг кўп буюртма берган фойдаланувчи”, Қудратов Пўлатхўжа “Аудио китобларга энг кўп буюртма берган фойдаланувчи”, Абдуназаров Хасан “Энг фаол ва ташаббускор фойдаланувчи” деб топилди.

Барча ғолиблар Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг эсдалик совғалари билан мукофотландилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ