Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида олим Сатторхон Абдуғаффоров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Маърифатпарвар олим” деб номланган хотира кечаси ва китоб тақдимоти

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида олим Сатторхон Абдуғаффоров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Маърифатпарвар олим” деб номланган хотира кечаси ва китоб тақдимоти
13.12.2016

2016 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида олим, муаллим, журналист, таржимон, таниқли қози Сатторхон Абдуғаффоров ҳаёти ва ижодига бағишланган “Маърифатпарвар олим” деб номланган хотира кечаси ва китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев кутубхонанинг маърифий ва тарбиявий ролини алоҳида эътироф этди. “Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёш фойдаланувчиларни ҳаёти ва фаолияти маърифат ва маданият билан чамбарчас боғлиқ бўлган инсонлар билан таништиради. Сатторхон Абдуғаффоров қатор илмий, тарихий этнографик асарлар муаллифидир. у ўша даврда кўпчилик танимаган А.Пушкин, Л.Толстой, И.Крилов асарларини биринчи бўлиб ўзбек тилига таржима қилди. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти жаҳон илмий жамоатчилиги қизиқишини уйғотди”.

Қозоғистон Республикаси Ўзбек миллий маданий  маркази директори И.Хошимжонов Сатторхон Абдуғаффоровнинг ҳамиша халқни саводхон қилиш ва унинг бой маданий меросини асраб қолишга интилган маърифатпарварлик ва педагогик фаолиятига тўғрисида гапирди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон М.Мирзо ўзбек ва рус тили таржималари услубларини илмий асослаб берган Сатторхон Абдуғаффоровнинг таржимонлик фаолияти ҳақида сўзлади. “Қўқон хонлиги ҳудудида дунёга келиб, Тошкентда ўрта маълумот олган Сатторхонга давр тақазоси билан ҳукмрон миллат тилини ўрганишга, бир неча тилларда ижод қилиб, иш юритишга тўғри келди. Тошкентда чиқадиган “Туркистон вилояти газити”да муҳаррир ёрдамчиси ва таржимон бўлиб ишлаб юрган кезларида Қўқондан Тошкентга энди келиб ўзининг журналистик фаолиятини бошлаётган ёш истеъдодли шоир Фурқат материалларини  таҳрир қиларди.  Кейинчалик ҳассос шоир бўлиб етишган Фурқат ва Муқимий шеърларини рус тилига таржима қилди”. Филология фанлари доктори Б.Каримов Сатторхон Абдуғаффоровнинг маориф соҳасидаги уринишлари, унинг ўқитувчи, қози, муфтий, мактаб фахрий нозири сифатидаги фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди: “У Ўрта Осиёдаги дастлабки рус-тузем мактабларини шакллантиришда ва уларни ривожлантиришда фаол иштирок этади. “Бир ҳурматли мусулмоннинг илм хусусида ёзғон фикрлари”, “Россия истилосига қадар Қўқон хонлигининг ички аҳволи ҳақида қисқача очерк”, “Мусулмон эшонлари”, “Таржимаи ҳол”, “Бир чимкентлик ўтғон вақтларини ёдиға олиб ёзғони” ва “Тошкентдан Петербурга саёҳат” каби тарихий, этнографик материалларга бой асарларини яратди”.

Шунингдек, хотира кечасида сўзга чиққан: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хорижий мамлакатлар билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи А.Алимбеков, Чимкент ўлкашунослик музейи бўлим бошлиғи Ж.Уркинбаева, журналист, жамоат арбоби И.Абдухолиқов олим, муаллим, журналист, таржимон, таниқли қози Сатторхон Абдуғаффоровнинг ўлканинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётидаги ҳиссасини эътироф этдилар ва унинг аччиқ қисмати, саводхонлик ва Туркистон маънавий бойлигини асраш учун кураши ҳақида ҳикоя қилдилар.

Китоб муаллифлари - публицист Ш.Холмуродов ва С.Абдуғаффоровнинг набираси, техника фанлари номзоди А.Сатторхоновлар тақдимоти ўтказилаётган китобнинг мазмун ва моҳияти билан таништирдилар. “Маърифатпарвар қози Абдусаттархон” номли китоби  китобхонларни Сатторхон Абудғаффоров ҳаёти, шунингдек унинг давлат қурилишига оид, юридик, педагогик, таржимонлик ва илмий фаолияти билан таништиради. Бу ерда олимнинг замондошлари, сафдошлари, издошларининг мақолалари, илмий изланишлари ва хотиралари жамланган. Шунингдек китобда С.Абдуғаффоровнинг тарихий, публицистик, юридик мавзудаги асарларидан намуналар берилган”.

Тақдимот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар ва нашр этилган китоб юзасидан ўз фикрларини ва таассуротларини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ