Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли немис ёзувчиси Франц Кафканинг “Ота ҳукми” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли немис ёзувчиси Франц Кафканинг “Ота ҳукми” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди
25.11.2016

2016 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Davr Press” нашриёт-матбаа уйида нашр этилган атоқли немис ёзувчиси Франц Кафканинг “Ота ҳукми” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ўзбек кафкашунослари – ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, немис тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ва немис тили йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалари ҳамда Германия ва Чехия давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси, Республика байналмилал маданият маркази вакиллари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Умида Тешабаева ҳозирги кунда болалар ва ёшлар ўртасида ўқишга бўлган қизиқишни оширишга, аҳоли ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга берилаётган эътиборни ва жамиятда медиасаводхонликни оширишнинг омили бўлмиш янги китоблар тақдимоти ўтказилишининг долзарблигини эътироф этди. Юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов тақдимот маросими иштирокчиларини Ф.Кафка ҳаёти ва мазкур китобдан ўрин олган асарлари таржимаси муаллифлари билан таништирди. “Истиқлол шарофати туфайли ўзбек адиблари ва таржимонлари томонидан жаҳон адабиётининг нодир асарлари қатори Кафканинг китоблари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг китобхонлар эьтиборига ҳавола этила бошланди. Шу билан бирга, кейинги даврда ўзбек адабиётида ўзига хос “Кафкашунослик” мактаби шаклланганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу мактабнинг жонкуяр вакиллари сифатида Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Мирзаали Акбаров, Муҳаммаджон Холбеков, Аҳмад Отабой, Эркин Эрназаров, Пошали Усмон, Вафо Файзуллоҳ каби таниқли адиблар, адабиётшунос олимлар ва таржимонларни санаб ўтиш мумкин”.

Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раиси Муҳаммад Али Ф.Кафка ижодига алоҳида тўхталди. “Кафка ижодида инсон фожиаси биринчи ўринга кўтарилган. Адибнинг роман, қисса ва ҳикояларида ўз даврининг ўткир ҳуқуқий, ижтимоий муаммолари, инсон руҳиятининг мураккаб қирралари, оддий одамларнинг фожиавий қисмати юксак маҳорат билан бетакрор услубда, таъбир жоиз бўлса, кафкачасига тасвирланган. Унинг ижодини ўрганар эканмиз у яшаган давр ва мансуб оқим ҳақида тўла тасаввурга эга бўлишимиз шарт. Қийин оилавий шароит, жамиятдаги парокандалик, маънавий таназзул — булар барчаси ёзувчининг бадиий дунёсига таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Кафка ижодини ўрганишда икки жиҳат: ёзувчининг кундаликлари ва афоризмлари ёрдам беради ва китобхоннинг алоҳида ёндошувини талаб қилади”, деди. Таржимонлар гуруҳи номидан сўзга чиққан филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад таржимонлар олдида турган китобхонни Кафканинг ўзига хос дунёсига етаклаш, унинг асарлари асосий ғоясини етказиб бериш ва қитобхонни биргаликда мулоҳаза қилишга ундаш каби мураккаб жараён ҳақида сўзлади.

“Davr Press” нашриёти-матбаа уйи бош муҳаррири Асрор Муминов нашриёт томонидан нашр этилган машҳур адибларнинг асарлари ҳақида маълумот берди. Шунигдек тақдимотда Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Хёфер-Виссинг, Чехиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ярослав Сиро,  германист-таржимон Янглиш Эгамова, профессор Шавкат Каримов, профессор Хуррам Раҳимов, таржимон Ҳафиза Қўчқоровалар сўзга чиқдилар. Улар таржималар муаллифларига таржима назарияси ва амалиёти фани ўқитувчилари, талабалар ва китобхонлар номидан миннатдорчилик билдирдилар ва уларга ўзбек китобхонларини жаҳон адабиёти намуналари билан таништиришда ижодий баркамоллик тиладилар.

Тақдимот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар ва нашр этилган китоб юзасидан ўз фикрларини ва таассуротларини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ