Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган адабий мусиқий кеча бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган адабий мусиқий кеча бўлиб ўтди
23.11.2016

2016 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган “Ишқ дарсини Навоийдан олурлар” деб номланган адабий мусиқий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда навоийшунос олимлар, шоирлар, талаба ёшлар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева иштирокчиларни қутлади ва  кутубхонада ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этди. “Маълум-ки, айни кунларда, мамлакатимизда катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари арафасида, ҳар бир номзоднинг сайловолди дастурида китоб мутолааси, медиасаводхонлик ва ахборот маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг асосий вазифаси нафақат ахборот хизматларини кўрсатиш, балки турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишдан иборат. Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг 575 йиллиги кенг нишонланган мазкур йилда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Хазрат Навоий меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари, адабий учрашувлар ва шеърият кечаси ташкил этилди”, деди У.Тешабаева.  

Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима, профессор Суйима Ғаниева Алишер Навоий қаҳрамонлари образларининг характерли жиҳатлари устида тўхталиб ўтди, унинг достон ва поэмаларидан парчалар ўқиб, уларни ҳозирги кунда нақадар долзарблигига алоҳида урғу берди. “Алишер Навоий сиймоси, бадиий-маънавий меросининг ҳозирги ёшлар тарбиясида тутган ўрни беқиёсдир. Навоий ижодининг асоси, асарларининг тенденцияси – эзгулик, адолат, ғурур ва садоқат. Унинг асарларини нафақат ўқиш, балки ҳар бир сўзнинг маъноси ва моҳиятини уқиш керак”, деди у ва ёшларни кўпроқ мутолаа қилишга, ўзларида эзгу ҳусусиятларни шакллантиришга ва буюк аждодларга муносиб авлод бўлишга интилишга чақирди.

Ўзбекистон  халқ шоири Омон Матчон  Алишер Навоий асарларида ватанпарварлик ва садоқат руҳининг таъсири, шоир қолдирган бой адабий мероснинг бугунги ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида сўзлади. “Хазрат Навоий шеърият бўстонида бахт ҳақидаги умуминсоний ўй-фиклар мужассамдир, шу боис унинг асарлари хануз замондошларимиз онг шуурини жунбушга солиб келмоқда. Улар ёш авлод учун руҳий мадад ва маънавий сабоқ вазифасини ўтайди”, деди О.Матчон.  

Навоийшунос олим, Минор масчити имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Навоий сўзининг сеҳрини алоҳида таъкидлади. “Ёш ижод аҳли шоирларнинг султони Алишер Навоийдан нафақат адабиёт сирларини, балки инсоний жиҳатларини ҳам ўзларига сингдиришга ҳаракат қилар эдилар. Унинг юксак маънавий ва руҳий асарларидаги ҳар бир сўз илҳомбахш, руҳий мададга эгадир”, деди у.

Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим Навоий ҳақида  сўзлар экан, “Алишер Навоийнинг сўзи ҳамма замонларда долзарб, мос ва тушунарли бўлиб келган. Тарихчилар уни ўз даври адабиётшунос олими, адиби, таржимони ва адабий муҳитини қўллаб келган ҳомий сифатида таърифлайдилар”, деди ва унинг ёш шоирларнинг асарлари билан танишиб, уларни рағбатлантириши, шоирлар орасида мушоиралар ташкил этиб туриши ва унда ҳар сафар янгидан-янги истеъдодларни кашф этганлиги ҳақида гапирди.

Шунингдек тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари томонидан «Ғазал бўстонига сайр» деб номланган адабий композицияни ҳавола этдилар. 2-босқич талабаси Севара Қўлдошева ва 2-босқич магистранти Ўрол Норматов Алишер Навоий асарларидан парча ўқиб бердилар, Ўзбекистон  халқ артисти, Алишер Навоий  номидаги давлат мукофоти совриндори Шерали Жўраев эса Алишер Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлардан куйлади.

Тадбир иштирокчилари мазкур маърифий тадбирдан катта таассуротлар олдилар ва унинг ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ