Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўлмас образлар соҳибаси” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўлмас образлар соҳибаси” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди
08.11.2016

2016 йил 8 ноябрь Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Сора Эшонтўраева таваллудининг 105 йиллигига бағишланган “Ўлмас образлар соҳибаси” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда санъатшунос олимлар, кекса санъаткорлар, театр ва кино актёрлари, маданият ходимлари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчиларини қутлар экан ЎзбекистонМиллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабаева кутубхоналарнинг бугунги кундаги аҳимияти, уларда маълумотларни олиш учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида алоҳида тўхталди. Шунингдек, у Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятини таъкидлади. “Ўзбекистон халқ артисти Сора Эшонтўраева таваллудининг 105 йиллигига бағишланган “Ўлмас образлар соҳибаси” деб номланган хотира кечаси ёшларни шундай фидоий, ўз умрини илм-фанга, санъат ва маданият ривожига баҳшида этган инсонлар билан таништирадиган тадбирлардан биридир.Ўзбекистон халқ артисти, атоқли ўзбек актрисаси ва жамоат арбоби Сора Эшонтўраева Уйғун ва И.Султоннинг «Алишер Навоий» асарида Гули, У.Шекспирнинг «Ҳамлет» асарида Офелия, «Отелло» асарида Дездемона образларини биринчи бўлиб яратиш шарафига муяссар бўлган. У театр ва кинода яратган аёллар образи маданий жамоатчиликнинг назарига тушиб, давлатимиз томонидан юксак баҳоланган”.

Тадбир С.Эшонтўраева бош ролни ижро этган “Ғариблар” спектаклидан парча номойиши билан бошланади. Тадбир бошловчиси Ўзбекистон халқ артисти С.Умаров С.Эшонтўраеванинг ҳаёти, ижодий ва устозлик фаолияти, жамоат ишлари ҳақида сўзлаб берди. “Бугунги тадбирга йиғилган барча актёрлар ўзини С.Эшонтўраеванинг шогирди деб билади. Улар билан ҳамкорликда роллар ижро этмаганлар ҳам, хатто, улар билан бир даврда ижод этмаган ёш авлод вакиллари ҳам Сора опанинг сўзларинин театр қонун-қоидалари сифатида қабул қиладилар. Ўзбекистон халқ артистлари Р.Иброҳимова, Ё.Аҳмедов, Т.Азизовлар ўзларининг театрлардаги спектаклларда ҳамкорликда ўйнаган роллари ҳақида хотирладилар. “Мен учун ҳаётининг 70 йилини санъатга хизмат қилишга бағишлаган С.Эшонтўраеванинг шогирди бўлиш – нафақат шараф, балки катта унвон ҳамдир. Институтнинг биринчи босқичида бизларни оммавий саҳнага таклиф этдилар. Шунда Сора опа мени танлаб олиб, ўз ролларини репетиция қилишни таклиф этдилар. Улар жуда камтар ва соддадил инсон эдилар. Бизларга ҳеч қачон баланд оҳангда гапирмаганлари учун улар билан ишлаш ҳамиша мароқли бўлган”, деди Р.Иброҳимова.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист С.Раметова ва таниқли режиссёр Ҳ.Қаҳрамон С.Эшонтўраеванинг меҳрибонлик, тиршқоқлик, меҳнатсеварлик ва садоқатлилик каби хусусиятларини эътироф этдилар. С.Эшонтўраева ва А.Ҳидоятовларнинг ўғиллари Темур Ҳидоятов эса онаси ва отаси билан боғлиқ оила даврасидаги хотиралари билан ўтроқлашди. Хотира кечаси сўнгида Ўзбекистон халқ артисти С.Эшонтўраева ҳаёти ва ижодига баҳишланган Ўзбекистон телевидениеси хазинасида сақланаётган “Бархаёт сиймолар” ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ артисти Сора Эшонтўраева таваллудининг 105 йиллигига бағишланган “Ўлмас образлар соҳибаси” деб номланган  адабиётлар кўргазмаси очилди. Кўргазмада актрисанинг ҳаётини, ижодини, унинг жамоат ишларини ёритувчи китоблар, замондошлари ва шогирдлари хотиралари, шунингдек, газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ўрин олган. Хотира кечаси иштирокчилари С.Эшонтўраева замондошлари ва издошларидан кўплаб қизиқарли хотираларини тингладилар, ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ