Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “INFOLIB – 2016” V Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида «Сервисга йўналтирилган архитектура» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди

“INFOLIB – 2016” V Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида «Сервисга йўналтирилган архитектура» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди
24.10.2016

2016 йил 24 октябрь куни “INFOLIB – 2016” V Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида техника фанлари доктори, профессор Туйғун Нишонбоевнинг «Сервисга йўналтирилган архитектура» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда “INFOLIB – 2016” V Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги қатнашчилари ва Тошкент ахборот технологиялари коллежи ўқувчилари иштирок этдилар.

 

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев техника фанлари доктори, профессор Туйғун Нишонбоевнинг Ўзбекистонда ахборот коммуникация технологиялари ривожига, турли дастурий таъминотларнинг ҳаётга жорий этилишига қўшган хиссасини алоҳида эътироф этди. Тақдимотда сўзга чиққан  техника фанлари доктори, профессор Хикматулла Нигмонов, техника фанлари доктори, профессор Хайрулло Орипов, техника фанлари номзоди, доцент Нодир Ходжаев, Президент аппарати масъул ходими Саидакмал Ходжаевлар Т.Нишонбоевнинг Ўзбекистонда тармоқ технологиялари ва тақсимланган тизимларнинг ривожланиши борасида амалга оширган ишлари ҳусусида гапирдилар ва  тақдим этилаётган «Сервисга йўналтирилган архитектура» номли китобининг долзарб жиҳатларини таъкидладилар.

 

“Ўқув қўлланма тақсимланган тизимларининг ресурсларини Грид технологиялари, “Булутда ҳисоблаш” ҳамда сервисга йўналтирилган архитектура усуллари негизида тизимли, юқори сифат даражасида тақдим этилишини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишланмаларни системалаштирилган ҳолда ёритишга бағишланган. Унда инфокоммуникация тармоғи ресурс ва хизматларини сервисга йўналтирилган архитектура усуллари асосида тақдим этиш масалалари ёритилган”, дея таърифлади китобни техника фанлари доктори, профессор Хикматулла Нигмонов. Тадбирда шунингдек, Ўзбекистонда сервисга йўналтирилган архитектура йўналишида тармоқ технологияларида маълумот узатишни тўғри ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

 

Ахборт-коммуникация технологиялари соҳаси вакиллари ва коллеж ўқувчилари тақсимланган тизимларнинг архитектураси, сервисга йўналтирилган архитектуранинг концептуал модели, Грид технологиялари ва уларнинг имкониятлари мавзусида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва китоб юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ