Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “INFOLIB-2016” V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги якунига етди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “INFOLIB-2016” V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги якунига етди
28.10.2016

2016 йил 28 октябрь куни ахборот маданиятини юқори даражага кўтариш ҳамда республика миллий маданий меросини асраш, мутолаага бўлган меҳрни ошириш, аҳолининг турли қатламларига хизмат кўрсатишни ташкил этишда кутубхоналарнинг ижтимоий-маданий ролини ошириш ва машҳур ёзувчилар, шоирлар, артистлар, хонандалар ва ҳунармандлар билан таништиришни мақсад қилган “INFOLIB-2016” V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўз ишини тамомлади. Ҳафталик доирасида китоб тақдимотлари, китоблар ва амалий санъат намуналари кўргазмалари, семинарлар, давра суҳбатлари, экскурсиялар, маҳорат дарслари, танловлар, акциялар, машҳур ёзувчи, шоир, рассом, артистлар билан ижодий учрашувлар, викториналар ва шахмат турнири бўлиб ўтди.

Ҳафталикнинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев, Ҳафталикда фаол иштирок этган барча ҳамкорларга, ҳомий ташкилотларга, иштирокчиларга, меҳмонларга миннатдорчилик билдириб, Ҳафталикнинг долзарблиги ва аҳамиятини эътироф этди. Ҳафталик давомида Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 30500дан зиёд киши ташриф буюрди. 46та тадбир бўлиб ўтди.

“INFOLIB-2016” V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ҳудудлар билан видеокўприк тарзида «Бетгерхонлик ўқишлари-2016: Мустақилликнинг 25 йили: ҳудудлар ривожланиши динамикаси» мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, «Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларининг библиографик фаолияти: ривожланиш истиқболлари», «Замонавий ахборот технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, реставрация ва консервация қилиш, электрон базасини яратиш» ва «Ахборот-кутубхона ресурсларининг каталогизацияси долзарб муаммолари» мавзуларида ўқув семинарлари ташкил этилди, “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси” Республика танловининг якуний босқичи ўтказилди. Танлов натижаларига кўра биринчи ўрин Андижон вилояти жамоасига, иккинчи ўрин Фарғона вилояти, учинчи ўрин эса Қорақалпоқ жамоаларига насиб этди.

Ҳафталик доирасида 1-4-синф ўқувчилари учун мўлжалланган «Ўқувчининг ахборот маданияти» ўқув методик комплекси, техника фанлари доктори, профессор Туйғун Нишонбоевнинг «Сервисга йўналтирилган архитектура» номли китоби ҳамда шоир Мирпўлат Мирзонинг рус моирлари шеърларининг ўзбек тилига таржимаси тўпламларининг тақдимоти, Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Қизлархон Дўстмуҳамедова, Малика Ибрагимовалар, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Галина Мельникова билан ижодий учрашувлар, 2016 йил ёзги Олимпиада ўйинлари чемпионлари Фазлиддин Ғойибназаров, Рустам Тўляганов, Муроджон Аҳмадалиев ва Ихтиёр Наврўзовлар билан учрашув ва «Мохов қиз» соқов фильми намойиши бўлиб ўтди, таълимий дастурлар тақдимоти ва Ўзбекистон миллий маданий марказлари чиқиши ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ